Ўз ССПда 4 та мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида онлайн-видеоконференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ҳамда АҚШ га бўлган Ўзбекистонлик делегация вакиллари ташрифидан сўнг эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси (АУТП) билан ҳамкорликда 2019 йил 13-июн куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида “Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожи” мавзусида онлайн-видеоконференция (вебинар) бўлиб ўтди.
Онлайн-видеоконференцияда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икромов, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Элена Сон, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг 50 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари билан биргаликда бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга ошириш соҳасида бизнесни ривожлантиришга тайёр бўлган ўзбек тадбиркорларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Онлайн-видеоконференция давомида шунингдек, АҚШ молия институти вакиллари томонидан хорижий бизнес лойиҳалари амалга ошириш учун мавжуд ресурслар ва молиялаштириш дастурлари ҳақида тақдимотлар ўтказдилар.
Хусусан, АҚШ кичик бизнесни молиялаштириш Администрациясининг минтақавий менежери жаноб Билл Хоук ўз тақдимотида ўзбек компанияларининг ташқи савдо айланмасини амалга оширишда, халқаро кўргазмаларда ва ярмаркаларда иштирок этишлари, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун махсус веб-сайтлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, АҚШнинг Хусусий хориж инвестициялари корпорациясининг (Overseas Private Investment Corporation – OPIC) халқаро ҳамда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаш бўйича директори Тара Блейк ўзининг тақдимотида хусусий компанияларга тўғридан-тўғри кредитлар ва АҚШ капитали билан хорижий компанияларга кредит кафолатларини бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш учун инновацион эчимлар таклиф этди.
Шунингдек, «WCC International» бошқарувчи директори Эльшан Балоглановнинг Америка бозорига чиқиш учун товарларни сертификатлаш учун ресурслар ҳақида тақдимот ўтказди.
Тадбирдан сўнг 4та мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини, шунингдек кўп томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли ривожланишини муҳокама қилдилар.
Ўз ССП Ахборот хизмати
14.06.2019
11:59