Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг асосий тадбирлари қаерда бўлиши маълум
Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий ҳунармандчилигимизни кенг намойиш этиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилиш бўйича ўтказилаётган мазкур фестивалнинг аҳамияти беқиёс. Шунинг учун ҳам ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур фестивалга пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун 185,6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирга қадар 110 миллиард сўм ўзлаштирилди.
Кўҳна кентда Худоёрхон ўрдаси, Жоме масжиди, Норбўтабий ва Соҳибзода Ҳазрат мадрасалари, Модарихон даҳмаси ва Даҳмаи шоҳон каби кўплаб маданий мерос объектлари мавжуд. Фестивалга тайёргарлик ишлари жараёнида ҳар бир маданий мерос объекти бўйича турли тилларда буклетлар тайёрлаш, ташриф буюрувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Қўқон шаҳар ҳокимлигидан маълум қилинишича, бугунгача 12 та тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари якунланди, майдонлар, хиёбонлар, йўллар четидаги яшил майдонларни ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларни суғориш учун ёпиқ ер ости магистрал суғориш тизимини таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шаҳардаги ичимлик сув ва оқова сув тармоқларини қуриш ва қайта қуриш ишлари учун қўшимча равишда 3 миллиард сўм маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб, бу борадаги ишларни якунлаш чоралари кўрилмоқда.
Фестивалнинг асосий тадбирлари Худоёрхон ўрдасида бўлиб ўтади. Айни кунларда бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Саҳна ва амфитеатр қурилиши давом этмоқда. Янгидан қурилаётган меҳмонхоналарнинг 3 тасида қурилиш ишлари якунланди, 5 тасида давом эттирилмоқда. Иштирокчилар учун қўшимча 30 та уй меҳмонхоналари ташкил этилаётир. Шунингдек, шаҳар кўчаларини ободонлаштириш, гуллар экиш, кўчаларни безаш, қўшимча ёритиш чироқларини ўрнатиш, кўп қаватли уйлар фасадини таъмирлаш, овқатланиш шаҳобчалари, конференция ўтказиш зали ва матбуот марказини тайёрлаш ишларини тўлиқ якунлаш тадбирлари олиб борилмоқда.
5 кун давом этадиган мазкур фестивалда 80 га яқин мамлакатдан 180 нафар сараланган ҳунарманд усталар иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция, ҳунармандларнинг кўрик-танлови, шунингдек хорижий ва маҳаллий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилади.
Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация бўйича баҳоланади.
26.07.2019
16:54