Ҳунармандчилик бўйича онлайн-энциклопедия тақдимоти
Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида “Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳунарларнинг онлайн-энциклопедияси (ATP). Анъанавий қўл меҳнати буюмлари” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Савдо саноат палатаси раиси А. Икромов, Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми хоним сўзга чиқиб мазкур фестивал кенг миқёсдаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик анжумани эканини таъкидлади.
Мазкур онлайн-энциклопедияда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 50 та давлатнинг ўзига хос ҳунармандчилиги ҳақида маълумотлар ўрин олган. Лойиҳага доктор Гада Каддуми раҳбарлик қилган бўлиб, унда турли ҳунарларнинг ўзига хос тарихи ва бугунги ривожланиши хусусида сўз юритилади.
- Бу лойиҳани ишлаб чиқишда менинг ташаббусим ва ғайратим, қолаверса, жаҳон ҳунармандлар кенгашининг инсоният маданий меросининг муҳим қисмини бойитиш, мустаҳкамлаш ва оммалаштиришга доир мақсад ва вазифаларини амалга ошириш йўлидаги хизмат бурчим тақозо этди, - дейди Гада Каддуми. - Умид қиламанки, ушбу лойиҳа пировардида тармоқлар яратилишига олиб келадиган маданий тафовутларни англаш имконини беради. Бу эса маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда халқларга бир-бирини таниш ва қабул қилиш, шу тариқа дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик ўрнатилишига замин яратади.
Тақдимотда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.
ЎзА
12.09.2019
14:20