Қўқон ва Марғилон янада обод бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Фарғона вилоятидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрди.
Бу ерда, дастлаб, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, келгуси уч йилда бу икки шаҳарга халқаро молия институтларининг 1 миллиард 354 миллион долларлик имтиёзли кредитлари йўналтирилиши режалаштирилган. Бу маблағ учта йўналишда – саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилма объектларини модернизация қилиш ҳамда кўп қаватли уй-жойлар қуриш соҳаларида ўзлаштирилиши кўзда тутилган.
Қўқон шаҳрида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 510 миллион доллар миқдорида маблағлар жалб этилиши режалаштирилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 63 миллион, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳаларга 31 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Шаҳарда тадбиркорларга молиявий кўмаклашиш дастури доирасида халқаро молия муассасаларининг 500 миллион долларлик инвестициялари ўзлаштирилади.
Шаҳарда инфратузилма объектларини ривожлантиришга 124 миллион доллар маблағ йўналтирилиши мўлжалланмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобидан ичимлик ва оқова сув тармоқлари, иссиқлик тизими, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, шунингдек, электр ва газ тармоқларини янгилаш бўйича жами 90 та лойиҳа амалга оширилади.
Уй-жой фондини ривожлантириш учун 220 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб этилиб, 9 қаватли 17 та, 12 қаватли 36 та, 16 қаватли 65 та уй-жой барпо этилади.
Марғилон шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига бериладиган маблағлар шаҳарда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш имконини яратади.
Марғилонда инфратузилмани ривожлантириш учун 87,6 миллион доллар, уй-жойлар қурилишига 110 миллион доллар маблағ сарфланади. Яқин йилларда ушбу шаҳарда 9 қаватли 12 та, 12 қаватли 54 та, 16 қаватли 16 та турар-жой барпо этилиб, аҳолининг эҳтиёжи тўлиқ таъминланади. Шу тариқа иккала шаҳарда ўзига хос янги шаҳарчалар қад ростлайди.
Давлатимиз раҳбари уй-жойлар қурилишига оид лойиҳалар билан танишар экан, уларни қайта кўриб чиқиш, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа қилиш зарурлигини таъкидлади.
– Аввало, қаерда қийинчилик борлигини, одамларнинг фикрини ўрганиш керак, – деди Президент. – Аҳоли қачон қайси ҳудудда қурилиш бўлишини билсин. Уй-жой билан иш ўринлари мутаносиб бўлиши зарур. Фарғоналикларнинг ҳунармандчилик анъаналари, ҳудуд имкониятларини инобатга олиб, чарм-пойабзал, чинни, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги корхоналар ташкил этиш зарур.
Президент Шавкат Мирзиёев «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси вилоятда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё ва ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай майдонга айланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган саноат зонаси қарийб 710 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 180 миллион долларлик 94 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда 52 миллион долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилган, 1 минг 700 га яқин иш ўрни ташкил этилган. Жорий йилнинг саккиз ойида эркин иқтисодий зона резидентлари томонидан жами қиймати 407 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 3,3 миллион долларлик товар экспорт қилинган.
Ҳозирги кунда ҳудудда қиймати 135,1 миллион долларлик 65 та лойиҳа бўйича ишлар давом этмоқда. Мазкур лойиҳаларга 55 миллион доллар миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди. Улар ишга туширилгач, қўшимча 3,1 триллион сўмлик янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, 120 миллион долларлик товар экспорт қилиниб, 4,5 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг салоҳияти, бу ердаги корхоналар имконияти билан танишар экан, ушбу ҳудудни янада ривожлантириш учун Туркиянинг “Гебзе” саноат зонаси тажрибасини ўрганиш, унга тадбиркорларни танлаб жойлаштириш зарурлигини таъкидлади.
– Бу ерда божхона бўлимини ташкил этиш керак, улар қандай маҳсулот импорт қилинаётган бўлса саноат зонасида шу турдаги товарларни ишлаб чиқариш бўйича тавсия бериши лозим. Мамлакатимиздаги барча эркин иқтисодий зоналар фаолиятини шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш зарур. Чунки эркин иқтисодий зоналарда энергиятежамкор, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмас экан, иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширолмаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
«Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонаси давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойидаги ташрифи якунида ишлаб чиқилган Фарғона вилоятини 2019-2020йилларда ривожлантириш бўйича ҳудудий инвестиция дастури доирасида ташкил этилган.
Бу ерда йилига 230 минг дона метан ва 250 минг дона пропан ускуналари, 300 минг дона бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. 400 ишчи меҳнат қиладиган корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия каби давлатларга экспорт қилинади.
Корхонада келаси йилдан юк ташувчи каралар, 2021 йилдан Ўзбекистонда биринчи марта электромобиллар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Хитойнинг “Silk road company” компанияси билан ҳамкорликда барпо этиладиган мазкур янги қувват учун ҳозирда 3 гектар майдон ажратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг 24 миллион доллари хорижий инвестициядир.
Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда ишлаб чиқариладиган экологик тоза электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади. Улар нефть маҳсулотлари чекланган шароитда муҳим аҳамият касб этади. Электромобиллар бир марта қувватлантирилгандан сўнг 150 километр масофани босиб ўта олади.
Мазкур лойиҳа ишга тушса, йилига 2 минг дона электромобиль ишлаб чиқарилади. Бу ички бозорни транспортнинг ушбу янги тури билан таъминлаш баробарида экспорт қилиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари шу ерда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди, фарғоналик тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилмоқда. Президентимизнинг соҳага доир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди, кейинги уч ой ичида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, тадбиркорларга ғов бўлаётган кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида тадбиркорлар билан мунтазам учрашиб, уларнинг муаммоларини тингламоқда, фаолиятига тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрмоқда.
Бу галги учрашувда ҳам Президентимиз тадбиркорлардан ўзларини қийнаётган муаммоларни рўй-рост, очиқ-ойдин баён этишларини сўради. Жамиятимизда бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг “қўлини ечиш”, уларни ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Мен кимни уддабурон тадбиркор деб биламан? Ҳисобида камида 20 миллион доллар пули бўлган ишбилармонни. Бир пайтлар 2-3 миллион доллар маблағи бўлган тадбиркорни топиш амримаҳол эди, ҳозир 20-30 миллион доллар пули бўлган, йирик-йирик корхоналар қураётган, иқтисодиётимизни кўтараётган юртдошларимиз кўпайди. Биз соҳани ривожлантириш бўйича дастлабки қадамларни қўйдик. Энди жамиятимизда бизнес муҳити ярата олсак, одамларни тадбиркорликка ўргата олсак, кўзлаган натижаларимизга эришамиз. Сизлар юртимизга келажакда ҳам нафингиз тегиши учун фарзандларингизга билимингизни мулк қилиб қолдиришингиз лозим. Шунда жамият ўзгаради, тадбиркорлик қонида бор авлод кириб келади, улар давлатимизни ҳам, халқимизни ҳам бой қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда фарғоналик тадбиркорлар давлатимиз раҳбари билан самимий мулоқотдан руҳланганини, эркин ишлаши ва мулкдор бўлиши учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, янада самарали лойиҳаларни амалга оширишга бел боғлашларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейида Фарғона вилояти фаоллари, нуронийлар, зиёлилар билан мулоқот қилди. Унда маданият, маърифат соҳаларидаги ўзгаришлар, ёшлар таълим-тарбияси ҳақида сўз борди.
Президентимиз 2017 йил 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейида ҳам бўлган ва уни таъмирлашга доир кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг музейда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди. Музей замон талабларига жавоб берадиган ҳолга келтирилди. Заллар кенгайтирилиб, зарур техник воситалар билан жиҳозланди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, том қисми янгидан ёпилди.
Музей экспозицияси 5 бўлимдан иборат. Биринчи бўлим Илк ўрта асрларда Марказий Осиёда илм-фан ва маданият, деб номланади.Унда Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳонуддин Марғиноний каби буюк алломалар ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятига оид маълумотлар, улар яратган ноёб қўлёзмалар нусхалари ўрин олган.
Музейнинг иккинчи бўлимида Темурийлар даврида яратилган илм-фан ва маданиятга доир осори-атиқалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Саъдиддин Тафтазоний, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Мирхонд каби алломаларга оид тарихий асарлар намойишга қўйилган. Шунингдек, музей экспозицияларидан XVIII-XIX асрларда Фарғона водийсидан етишиб чиққан Машраб, Ҳувайдо, Садойи, Низомий Ҳўқандий, Азимий, Увайсий, Амирий, Нодира, Ҳакимхон Тўра, Гулханий, Фазлий, Муҳйи, Муқимий, Фурқат, Завқий, Маҳмуд Ҳаким Яйфоний, Ҳазиний каби улуғ сиймолар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот олиш мумкин.
Яна бир бўлимда эса Туркистонда жадидчилик ҳаракати ва унинг машҳур намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ашурали Зоҳирий, Иброҳим Даврон, Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Қўқон хаттотлик санъати, миллий ҳунармандчилик ҳамда зиёратгоҳларга доир маълумотлар ва экспонатлар ҳам қўйилган.
Музейнинг бешинчи бўлимида XX асрда Фарғона водийсидан етишиб чиққан улуғ олимлар, академиклар – Қори Ниёзий, Теша Зоҳидов, Раҳима Аминова, Пўлат Қаюмий, Боқий, Азиз ва Лазиз Қаюмовлар ва бошқаларнинг ҳаёти ва илмий ижодий фаолиятини акс эттирувчи материаллар ва экспонатлар ўрин олган.
Музей қошида “Алломалар ворислари” номли ўқув-ахборот маркази ташкил этилган. Ушбу марказ илмга ва ижодий фаолиятга қизиқувчи ёшлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда.
Мулоқотда мамлакатимизда миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб этиш, буюк алломалар меросини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бахшичилик ва мақом санъати бўйича халқаро фестиваллар ўтказилгани бу борада улкан аҳамиятга эга бўлди. Имом Бухорий, Имом Термизий марказлари, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, адиблар номлари билан аталган ижод мактаблари ташкил этилди. Президент мактаблари, янги олий ўқув юртлари ёш авлод учун янада кенг имкониятлар яратди.
– Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир соҳа бўйича изланишда, тинимсиз ҳаракатдамиз. Ўзгаришлар бор, лекин ҳали бизни қаноатлантирмайди, – деди Президент.
Фаоллар бутун Фарғона вилоятида бўлгани каби Қўқон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, Халқаро ҳунармандчилик фестивали туфайли шаҳар янада обод бўлиб, бу ерга бутун дунёдан меҳмонлар келганини мамнуният билан қайд этишди.
Давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейи ёнида байрамона кайфиятда кетаётган юртдошларимиз билан учрашди. Самимий суҳбатда қўқонликлар Президент Шавкат Мирзиёевга шаҳарда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва рўй бераётган янгиланишлар учун миннатдорлик билдирди.
15.09.2019
10:49