ССП “Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳасини экспертизадан ўтказди
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан, улар фаолиятига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳоловчи ваколатли орган сифатида Савдо-саноат палатаси томонидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 661 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
- Лойиҳанинг 2-бандига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлган юридик шахслар товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг миқдоридан қатъий назар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади деб белгиланган.
Бунда, мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўшилган қиймат солиғи қўлланилиши белгиланган.
Аммо, бу масала ушбу лойиҳанинг предмети бўлиб ҳисобланмайди, балки солиққа оид масалалар тўғридан-тўғри солиқ кодекси билан тартибга солинади.
Шу боис, лойиҳанинг 2-бандидан “товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг миқдоридан қатъий назар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
- Лойиҳанинг 2-бандига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлган юридик шахсларнинг алкоголь маҳсулотини маркалаш ва кузатиш ахборот тизимидан мажбурий тартибда фойдаланиши шарт қилиб белгиланган.
Бунда, мазкур фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча талаблар белгилаш назарда тутилган.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 707-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, алкоголь маҳсулотини маркалаш ва кузатиш ахборот тизимидан мажбурий тартибда фойдаланиш истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда лицензия талабларидан бири сифатида белгиланган.
Бундай талабни, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси талабларидан бири қилиб белгилаш ортиқчадек кўринади.
Шу боис, лойиҳанинг 2-бандидан ва лойиҳа 1-иловасининг
7-бандидан “алкоголь маҳсулотини маркалаш ва кузатиш ахборот тизимидан, шунингдек” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
- Лойиҳанинг 4-бандига кўра, “мазкур қарорда тасдиқланган алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголь маҳсулотлари билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади ҳамда айбдор ходимлар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади”, - деб белгиланган.
Яъни, бунда ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Аммо, амалдаги қонунчиликка кўра, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддаси ва Жиноят кодексининг 189-моддасида) белгиланган бўлиб, юқоридаги норма эса, айнан бир ҳуқуқбузарлик учун икки карра жавобгарлик қўлланилишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, бундай жавобгарлик чораларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига ўзгартиш киритиш орқали назарда тутишмақсадга мувофиқдир.
- Лойиҳа 1-иловасининг 5-банди тўртинчи хатбошига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат гувоҳномаси олиш учун турғун савдо шохобчаси жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатлари ёнида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудларида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларда жойлашмаган бўлиши шартлиги белгиланган.
Бунда, рухсат гувоҳномасини олиш учун қўйиладиган талаблардан бири сифатида турғун савдо шаҳобчасининг жамоат жойларида жойлашмаслиги белгиланган.
Аммо, амалдаги қонунчиликда жамоат жойлари тушунчасига аниқ ва тўлиқ таъриф келтирилмаган. Қолаверса,юқорида келтирилган жамоат транспорти тўхташ жойлари, метрополитен бекатлари, дам олиш жойлари, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанциялар ҳам жамоат жойлари ҳисобланади.
Мазкур нормада “жамоат жойлари” жумласининг яна алоҳида келтирилиши мазкур норманинг турлича талқин қилинишига (мисол тариқасида, алкоголь маҳсулотлари сотиш билан шуғулланувчи савдо шаҳобчаларининг кўчаларда, бозорларда, савдо мажмуаларида ҳам жойлашмаслигини талаб қилиш ҳолатларига) олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳада жамоат жойларида деганда айнан қайси ҳудудлар назарда тутилишини аниқ келтириш тавсия этилади.
Бундан ташқари, мазкур нормада турғун савдо шохобчасининг аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларда жойлашмаган бўлиши шарт қилиб белгиланган.
Бироқ, лойиҳа 2-иловасининг 4-банди тўртинчи хатбошида турғун савдо шаҳобчасининг аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган ҳудудларда жойлашмаслиги шарт қилиб белгиланган.
Бундан кўринадики, мазкур нормалар ўртасида жиддий номувофиқлик юзага келган. Яни, биринчи нормада турғун савдо шаҳобчасининг аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанциялар ичида жойлашиши таъқиқланган бўлса, иккинчи нормада уларнинг мазкур ҳудудларга туташ ҳудудларда жойлашиши ман қилинган.
Қолаверса, юқоридаги нормаларда аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган ҳудудлар, жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатлари ёнида деганда мазкур объектлардан айнан қанча масофада жойлашган жойлар назарда тутилиши аниқлаштирилмаган. Бу эса, амалиётда турлича талқин ва ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа иловаларида ушбу номувофиқлик ва ноаниқликларни бартараф этиш тавсия этилади.
- Лойиҳа 1-иловасининг 5-банди бешинчи хатбошига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат гувоҳномаси олиш учун турғун савдо шохобчаси умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида жойлашган бўлиши шарт деб белгиланган.
Аммо, мазкур норма ушбу бандда келтирилган бошқа нормалар (яъни, турғун савдо шаҳобчаларига қўйилган умумий талаблар) билан ўзаро номувофиқликни келтириб чиқарган.
Хусусан, мазкур банднинг учинчи хатбошида ўзиники ёки ижарага олинган, алоҳида кириладиган ва шаҳарларда камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда камида 15 квадрат метрли савдо зали майдони бўлган (фақат алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга мўлжалланган), чекка тоғли туманларда – алоҳида савдо секцияси бўлган объектларда алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, юқоридаги банд мазкур талабларни бекор қилган ҳолда, савдо шохобчаларининг умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида жойлашишини шарт қилиб белгиламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5656-сонли Фармони
8-банди учинчи хатбошига кўра, қонунчиликка алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, шунингдек умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида реализация қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.
Яъни, бунда алкоголь маҳсулотларини алоҳида савдо объектлари билан бирга умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида ҳам реализация қилиш мумкинлиги назарда тутилган.
Шу боис, мазкур банддаги ўзаро номувофиқликни бартараф этиш ва юқоридаги шартларни мазкур Фармон талабларига мослаштириш тавсия этилади.
- Лойиҳа 1-иловасининг 6-банди учинчи хатбошига кўра, рухсат гувоҳномаси олиш учун умумий овқатланиш корхонаси ўзиники ёки ижарага олинган, алоҳида кириладиган ва камида 25 квадрат метрли овқатланиш майдонига ҳамда камида 15 та ўринга, шунингдек омборхоналарга ва асбоб-ускуналарга эга бўлган бўлиши шарт деб белгиланган.
Бунда, умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан ортиқча ва кераксиз бўлган талабларни белгилаш назарда тутилган.
Ваҳоланки, умумий овқатланиш корхоналари бундай майдонга ёки ўринга, шунингдек омборхона ва асбоб-ускуналарга эга бўлмаслиги, аммо ўз фаолиятини самарали йўлга қўйган бўлиши мумкин.
Қолаверса, бундай чеклов ўрнатилиши юридик жиҳатдан асослантирилмаган ҳамда ушбу чекловсиз қандай салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги келтирилмаган.
Бундан ташқари, рухсат бериш тартиб-таомилларида бу каби асоссиз шартларнинг кўпайтирилиши ҳар қандай суиистеъмолчилик ва коррупциоген ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги банддан мазкур хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
- Лойиҳа 1-иловасининг 21-бандига кўра, “Ариза берувчи рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек рухсат гувоҳномасини бекор қилиш ҳамда тўхтатиб туриш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши мумкин”, - деб белгиланган.
Аммо, бунда рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек рухсат гувоҳномасини бекор қилиш ҳамда тўхтатиб туриш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланишлари мумкинлиги назарда тутилмаган.
Ваҳолангки, лойиҳа 1-иловасининг 8-бандига кўра, “Ариза берувчилар рухсат гувоҳномаларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади”.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 1-иловасининг 4-бобида ариза берувчилар томонидан рухсат гувоҳномасини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек рухсат гувоҳномасини бекор қилиш ҳамда тўхтатиб туриш учун ЯИДХП орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш мумкинлигини назарда тутиш тавсия этилади.
- Лойиҳа 1-иловасининг 30-бандига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш (умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш) қоидалари бузилганлиги аниқланган ҳолларда давлат солиқ инспекцияси, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, ички ишлар бошқармаси ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўлими фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан рухсат гувоҳномасини ўн кунгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида хабарнома электрон тизим орқали Давлат хизматлари марказига юборилиши ва ушбу органлардан хабарнома келиб тушгандан сўнг барча иштирокчиларни рухсат гувоҳномасининг тўхтатиб турилганлиги тўғрисида электрон тизим орқали хабардор қилиниши белгиланган.
Бунда кўринадики, юқорида келтирилган давлат органлари томонидан рухсат гувоҳномаси 10 кунгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Аммо, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига кўра, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно”.
Лойиҳа 1-иловасининг 30-бандида келтирилган ҳолатлар фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлгандагина мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари томонидан рухсат гувоҳномаси 10 кунгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Бошқа ҳолатларда эса, юқорида келтирилганидек, рухсат гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилиши лозим.
Ушбулардан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловасининг 6-бобини мазкур қонун талабларига мослаштириш тавсия этилади.
- Лойиҳа 2-иловасининг 4-бандига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган турғун савдо шохобчасида чакана савдо қилиш мумкинлиги белгиланган.
Аммо, алкоголь маҳсулотларини сотиш шартлари сифатида бундай талаб ортиқча кўринади.
Чунки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, “Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади”, - деб белгиланган.
Демак, мулкни асраш, уни қўриқлаш тартиби ва усулларини мулкдор мустақил равишда белгилайди, яъни бундай талаб амалиётда маъмурий тўсиқ бўлиши мумкин.
Шу боис, шунингдек ушбу Хулоса 6-бандида келтирилган тавсияларни инобатга олиб, лойиҳа 2-иловасининг 4-бандидан “моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
- Лойиҳа 2-иловаси билан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш Қоидаларини тасдиқлаш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидалари тасдиқланган бўлиб, унинг
5-боби алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш хусусиятларини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5505-сонли Фармони 3-банди иккинчи хатбошига кўра, “давлат органлари томонидан қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади”, - деб белгиланган.
Шу боис, лойиҳа 2-иловасида назарда тутилган масалаларни юқоридаги қарорда назарда тутиш мумкинлиги масаласини яна бир бор кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
- Лойиҳанинг 1-банди иккинчи хатбошига кўра, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш белгиланган.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси билан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини бериш тартибини белгилаш назарда тутилган.
Аммо, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, “Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади” ва Қонуннинг 12-модасига кўра, бу Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларидан бири сифатида белгиланган.
Шу боис, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан тасдиқлаш масаласини яна бир бор кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
18.09.2019
16:17