Ўзбекистон-Россия Ишбилармонлар кенгашининг 4-мажлиси
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2019 йил 1 октябрь куни Ўзбекистон-Россия Ишбилармонлар кенгашининг 4-мажлиси ташкил этилди.
Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзолари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон ва Россия ўртасида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича “яшил йўлакча” тизимининг йўлга қўйлганлиги, бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда етиштирилаётган ҳўл ва қуритилган мева-сабзовот ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни РФнинг турли ҳудудларидаги харидорларга еткизиб бериш жараёнини тезлаштиришга ва маҳсулот ҳажмини оширишга имкон бергани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан Россия тадбиркорларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ишлашга қизиқиши ортаётгани қайд этилди.
Ўзаро фойдали ҳамкорликнинг янги қирралари ҳақида сўз борганда бундай имкониятлар кўп жиҳатдан Ўзбекистонда бизнес юритиш шароити яхши томонга жиддий ўзгаргани туфайли юзага келаётгани таъкидланди. Масалан, кўплаб товар позициялари бўйича Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун акциз солиғи пасайтирилди, бир қатор позициялар бўйича эса бундай солиқ бутунлай бекор қилинди. Бундан ташқари, миллий валюта конвертацияси жорий этилди, экспортчилар томонидан валютада кўрилган фойдани мажбурий сотиш бекор қилинди.
Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналар ташкил этилмоқда. Ўзбекистондан Россияга етказиб бериладиган мева-сабзавот маҳсулотларини божхона ва фитосанитар назоратидан ўтказишнинг соддалаштирилиши ҳам ишбилармонлик муносабатлари ривожига кўмаклашмоқда. Бу каби имкониятлар натижасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ўсиб бораётганини кўришимиз мумкин.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ўтган йил билан таққослаганда сезиларли даражада ошди. Россиянинг кўпгина компаниялари ўзбекистонлик ҳамкорлари билан яқин алоқа олиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари икки мамлакат ишбилармонлар доираларини қизиқтирган кун тартибидаги яна бир масала бўлди. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Россия ҳудудларига, россиялик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ўзаро фойдали бир қатор лойиҳаларни ишга тушириш имконини берди.
Мажлисда ишбилармонлар кенгашлари йўналишида ҳамкорликни янада ривожлантиришга эътибор қаратилди. Бу тадбиркорликка амалий кўмак бериш имконини беради. Боиси ўзаро ҳамкорликнинг аниқ масалаларини ҳал этишдан ташқари кенгашлар келишилган мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга интилади, бу эса икки мамлакат манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Мажлисда Ўзбекистон-Россия Ишбилармонлар кенгашининг ўтган йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди, шунингдек галдаги вазифалар, ташқи савдо ҳамкорлигининг ва икки мамлакат корхоналари ҳамда ташкилотлари тармоқлараро ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
01.10.2019
18:41