Бож ставкалари бўйича киритилаётган ўзгаришлар юзасидан пресс-брифинг
Савдо-саноат палатасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3818-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳиятини оаммавий ахборот воситалари ва маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ёритиб беришга бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди.
Пресс-брифингда республика оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, радио компаниялар, электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, илмий тадқиқот марказлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.
Ташқи савдо соҳасида сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган қатор ўзгаришлар аввало, бизнес учун қулай шарт-шароитларни яратиш, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, бу борадаги қоғозбозлик ва рухсат берувчи тартиб-тамойилларни янада соддалаштириш ҳамда ахборот технологияларини кенг жорий этишга қаратилмоқда.
Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш масалалари ҳозирги кундаги долзарб масалалар қаторидан ўрин олганлиги билан аҳамиятли бўлиш билан бирга ҳар қандай давлатнинг жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнини топишда маълум маънода миллий итқтисодиётни самарали бошқариш дастакларидан бири сифатида эътироф этилади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 октябрдаги қарорининг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда унда бож ставкаларига киритлаётган ўзгартиришларни тадбиркорлик субъектларига батафсил тушунтириб бериш муҳимлигини инобатга олган ҳолда мазкур Пресс-брифинг ташкил этилди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитасининг раҳбарлари ва шу масала бўйича мутахассислари ҳамда хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектлари,илмий тадқиқот марказлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов кириш сўзи билан очиб берди.
Жумладан, И.Жасимов ўз сўзида мазкур қарорни ишлаб чиқиш жараёнида бож ставкалари бўйича маҳаллий тадбиркорлардан, саноатнинг турли тармоқларидан бож ставкаларига доир таклифлар олиниб, улар ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашига кўриб чиқиш учун киритилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, ушбу масалада Савдо-саноат палатаси мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида жорий йилнинг март, апрель ва июнь ойларида маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда бож ставкалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш борасида атрофлича муҳокама ўтказилганлиги, бунда турли тармоқлар учун бож стакаларининг таъсири ҳамда тадбиркорларнинг таклифлари олинганлигини маълум қилди.
Тадбирда яна бир муҳим жиҳат И.Жасимов томонидан алоҳида таъкидландики, халқаро тажрибага кўра ташқи савдо фаолияти барча давлатлар томонидан тартибга солиниши, ташқи савдони бошқариш орқали давлатнинг миллий иқтисодий манфаати ва стратегик мақсадлари кўзланиши, тадбир иштирокчиларига етказилди.
Шунингдек, И.Жасимов ўз сўзида “тобора ва тезкорлик билан глобаллашиб бораётган жаҳон иқтисодиётида миллий иқтисодиётни бошқариш осон эмас. Агар бирор бир давлат ташқи савдони ўз ҳолига ташлаб қўйса, унда иқтисодиёт «истеъмолчи иқтисодиёт»га айланади», – деб таъкидлаб ўтди.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари Ғ.А.Маматқулов “Бож ставкалари бўйича киритилаётган ўзгаришларнинг ички истеъмол талабига таъсири” тўғрисида маъруза қилди. Ғ.Маматқулов ўз сўзида бож стакалари бўйича ўзгаришлар ички истеъмол бозорига, яъни 2 октябрдаги 4470-сонли қарорга асосан, аҳолининг доимий истеъмол қиладиган бирламчи эҳтиёжидаги товарлар нархларининг ошишига таъсир кўрсатмаслигини айтиб ўтди. Ғ.Маматқулов мазкур қарорга мувофиқ республикада ишлаб чиқариш ҳажми етарли бўлмаган асосий истеъмол товарлари учун божхона божи ставкалари оширилмаслиги белгиланганлигини маълум қилди.
Брифинг давомида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов тасдиқланган бож ставкаларини хорижий давлатларда қўлланилаётган бож ставкалари билан таққослама таҳлили ҳамда республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида қабул қилинган ўзгаришларнинг зарурияти тўғрисида маъруза қилди.
Б.Абидов божхона тариф ставкаси паст бўлиши, бу ўша давлатнинг ички ва ташқи имкониятларига салбий таъсир этиши кузатилишини таъкидлаб, Ўзбекистон билан ҳамкор давлатлардаги ўртача арифметик ставкалар ҳақида маълумот бериб, яъни бу кўрсаткич Хитойда 9,8 фоиз, Туркияда 10,9 фоиз, Кореяда 13,7 фоиз, Ҳиндистонда 13,8 фоизни ташкил этиш баробарида Ўзбекистонда эса амалдаги ставка 5,6 фоиздир. Маҳсулотлар кесимида эса Корея Республикасида мева-сабзавотлар маҳсулотлари импорти учун 45 фоиз, Туркияда ун учун 80 фоиз божхона божи ундирилади.
Тадбирда Б.Абидов бож ставкаларига таклифларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини фаоллаштириш масаласи ҳам инобатга олинганлигини маълум қилди.
Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари М.Салиев энг кўп импорт қилинадиган товар позициялари бўйича бож ставкалирга киритилган ўзгаришларга доир аниқ мисоллар ҳамда қўшилган қиймат солиғини 15% га туширилганлигини инобатга олган ҳолда тўланадиган бож тўловларининг умумий юки тўғрисида маъруза қилди.
М.Салиев ўз маърузасида 2019 йилнинг ўтган даврида умумий импорт ҳажми 16,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан МДҲ мамлакатларидан қилинган импорт 5,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этганлигини маъум қилди.
Божхона тўловларига тортиладиган умумий импорт 4,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан МДҲ мамлакатлари ҳиссасига 2,0 млрд. АҚШ долларини (46,3%) ташкил этиши аниқ рақамларда кўрсатиб ўтилди.
2020 йил 1 январдан бошлаб кучга кирадиган янги бож ставкаларига кўра, 11293 турдаги товарлар бўйича импорт божи ставкалари белгиланиб, шулардан 7261 турдаги товарлар ставкаси ўзгаришсиз қолдирилиши, 2730 турдаги товарларга божхона тариф ставкаси жорий этилиши, 1096 турдаги товарлар божхона тариф ставкаси оширилиши ҳамда 208 турдаги божхона тариф ставкаси пасайтирилиши кўзда тутилган.
М.Солиев томонидан МДҲ мамлактларида ишлаб чиқарилган товарларни импорт қилишда импорт божи ундирилмаслиги, бу эса ўз навбатида қўшилган қиймат солиғи ставкаси пасайтирилганлиги хисобига товарлар нархларининг ўртача 5% га тушишини таъминлаши қайд этилди. Шунингдек, Ставкалар ўзгаришининг айрим турдаги товарларга таъсири тўғрисида яққол мисоллар билан тадбир иштирокчиларига ахборот берилди.
Тадбирда Савдо-саноат палатпсининг бошқарма бошлиғи Ғ.Усманов маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш борасидаги мақсадли вазифалар тўғрисида маъруза қилиб, ташқи иқтисодий фаолиятни божхона тарифлари жиҳатидан тартибга солиш ҳар қандай давлат учун миллий иқтисодиётни жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига ёрдам бериши ва иқтисодиётнинг саноат тармоқларини ривожланиши учун зарур шароит-шароитларни яратишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Ғ.Усманов томонидан аниқ мисоллар билан слайдлар орқали бож ставкалари бўйича умумий ҳолат таҳлил қилиб берилди, яъни 0% ставкаси жами товарларнинг 37,7% га, 5% ставка – 16% товарларга, 10% ставка – 18,7% товарларга, 20% ставка – 16,8% товарларга ва 30% ставка бор-йўғи 4,7% товарларга ўрнатилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Жаҳон амалиётида бож ставкаларини таснифлаш классификаторига кўра 10% гача бож ставкалари ташқи савдо операциялари учун очиқ ставкалар сифатида эътироф этилса, 25% дан юқори бўлган ставкалар чекловчи ва протекционистик бож ставкалари тоифасига киртилади. Шу тасниф асосида Ўзбекистонда 2020 йилдан амалга киритиладиган бож ставкаларининг қарийиб 73% “очиқ” ставкалар эканлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий тадқиқот марказларининг вакиллари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мавзуга оид саволлар берилди ҳамда бож ставкалари юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар алмашилди.
30.10.2019
11:00