Сичуан халқаро палатасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди
2019-йил 1-ноябр куни икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида "B2В" форматида Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми ва бизнес-музокаралар бўлиб ўтди.
Ўтказилган бизнес-форум доирасида Сичуан халқаро палатасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди.
Ушбу тадбирнинг мақсади қўшма корхоналар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун иқтисодий алоқаларни ўрнатиш. Делегация таркибидан автоматлаштириш тизимлари, электр ва энергетика технологиялари, қишлоқ хўжалиги, механик ва электротехника, аэрокосмик, нефт-кимё ва автомобилсозлик каби соҳаларда фаолият юритадиган 20 дан ортиқ етакчи компаниялар ўрин олган.
Учрашув давомида Хитой делегацияси Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, тадбир давомида Сичуан халқаро палатасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Сичуан халқаро палатаси вакиллари ва Хитойнинг етакчи корхоналари ҳам тақдимот билан иштирок этдилар.
Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида "В2В" учрашувлари бўлиб ўтди, уларда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон ва Хитой корхоналари ўртасидаги шериклик алоқаларини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Музокараларда мамлакатимизнинг 100 га яқин тадбиркорлик субъекти иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон-Хитой савдо ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида 1016 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 116 таси 100% Хитой капитали иштирокидаги корхоналардир.
Мамлакатимизда 73 та Хитой компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари: нефт ва газ, кимё, фармацевтика ва тўқимачилик саноати, транспорт, қурилиш, телекоммуникация ва бошқалар. 2018 йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми 6,42 млрд.АҚШ долл. (+35.2). Шу жумладан экспорт - 2,8 млрд. АҚШ долларни (+ 41,6%), импорт - 3,5 млрд АҚШ долларни (+ 30,4%) ташкил этди.
Экспортнинг асосий позициялари: табиий газ, хизматлар, тўқимачилик маҳсулотлари (шу жумладан пахта, пахта толаси), пластмасса ва улардан тайёрланган маҳсулотлар (этилен ва пропилен полимерлари), уран, мис, тери хом ашёси, ишланган мева ва сабзавот маҳсулотлари.
Импорт: механик ва электр жиҳозлари, қора метал, резина, кимёвий ва пластмасса буюмлар, транспорт воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик махсулотлари, фармацевтика.
Сўнги йилларда мамлакатимиздан Хитойга табиий газ, тўқимачилик маҳсулотлари ва этилен полимер етказиб бериш ҳажми ошди. Жумладан, ширин гилос, қуритилган мевалар, гилам каби махсулотларни ўз ичига олган янги турдаги товарлар экспорти йўлга қўйилди. Хусусан, 2018 йилнинг ўзида Хитойга ширин гилоснинг экспорти 500 тоннадан ошди, яшил ловияси 23,281 минг тонна, 26 тонна узум уруғи, 10580 минг тонна майиз ташкил этди.
01.11.2019
16:59