Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 780 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг шартлари, имтиёзлар ҳамда фойдаланишга киритилган ер ва сувдан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа орқали қишлоқ хўжалигида ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, уни амалга оширилиш механизми ва шартларини белгилаш назарда тутилган.
Аммо, лойиҳада давлат-хусусий шерикликни жорий этишдаги кўплаб масалалар очиқ қолдирилган ҳамда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун талаблари инобатга олинмаган.
Хусусан, лойиҳа иловасида ушбу ҳужжатда қўлланилган асосий тушунчаларга таъриф берилмаган, жумладан мазкур шерикликда давлат шериги айнан қайси субъект бўлиши келтирилмаган.
Шунингдек, лойиҳа иловасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ташаббус қилиш, таклифларни тақдим этиш ва тайёрлашга оид нормалар киритилмаган.
Ёки, лойиҳа иловасининг 3-бандида хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилиши белгиланган бўлсада, бироқ тендер ўтказишни эълон қилиш, уни ўтказиш тартиби, тендер комиссиялари ҳақидаги нормалар назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, лойиҳа иловасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати, битимда кўрсатиладиган масалалар, битимга ўзгартиришлар киритиш тартиби ва уни бекор қилиш асослари белгиланмаган. Бу эса, амалиётда ушбу соҳадаги битимларни тузишда ноаниқлик ва тушунмовчиликларга олиб келиши, тадбиркорлик субъектлари учун ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин.
Лойиҳа ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этишни назарда тутсада, аммо лойиҳа иловасида давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ бўлмаган тушунчалар, хусусан “аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим”, “инвестициявий шартнома”тушунчалари қўлланилган бўлиб, бу амалиётда тушунмовчиликлар ва ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
2.Лойиҳа иловасининг 5-бандида ер ва сувдан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг шартлари назарда тутилган бўлиб, ушбу шартлардан бири сифатида лойиҳаларни амалга оширишда энг сўнги инновацион технологияларни қўллаш, 500 гектардан кам бўлмаган ер майдонларга хизмат кўрсатиш, ернинг ҳосилдорлигини ошириб бориш каби шартлар белгиланган.
Кўринадики, бунда ортиқча ва кераксиз бўлган шартларни белгилаш назарда тутилган. Ваҳолангки, бундай шартларнинг назарда тутилиши тадбиркорлик фаолиятига аралашиш эҳтимолини келтириб чиқариши мумкин.
3.Лойиҳа иловасининг 10-бандида, “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини бажарилиши бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан мониторингни амалга оширади. Хусусий шерик мониторинг олиб бориш мақсадида жамоат инфратузилмасига кириш ва тегишли ҳужжатларни кўриш учун имконият яратиб беришга мажбур”, - деб белгиланган.
Аммо, бунда мониторинг олиб бориш тартиби ва шартлари белгиланмаган. Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши ҳамда мониторинг олиб бориш учун жамоат инфратузилмасига кириш ва тегишли ҳужжатларни кўришда мониторингни текширишга айланиб кетишига олиб келиши мумкин.
4.Лойиҳа иловасининг 12-банди бешинчи хатбошига кўра, “ердан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинади”, - деб белгиланган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 31.05.2018 й.даги ПҚ-3756-сонли Қарори 2-банди иккинчи хатбошига кўра, “солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур”, - деб белгиланган.
5.Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қайта кўриб чиқиш, унда юқорида келтирилган масалаларни назарда тутиш, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун талабларига мослаштирган ҳолда ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Бу борадаги фаолият давом этмоқда.
07.11.2019
12:40