Ўзбекистон-Италия бизнес-форуми ва “G2В” музокаралари бўлиб ўтди
Президент (губернатор) Аттилио Фонтана бошчилигидаги Ломбардия вилояти делегациясининг Ўзбекситонга ташрифи доирасида 2019 йил 22 ноябр куни Ўзбекистон-Италия бизнес форуми ва “G2В” музокаралари бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш ва янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Учрашувда Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икромов, Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров, Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Андреа Бертоцци, “Италия-Ўзбекистон” савдо палатаси президенти Луиджи Иперти хамда икки давлат етакчи компания вакиллари иштирок этишди.
Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ўз нутқида жорий йилнинг 9 ойида савдо ҳажми 320,8 миллион долларни ташкил этганини, бу 2017 йилга нисбатан 2 баравар кўп эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ўзаро етказиб бериш турларини янада кенгайтириш динамикасини мустаҳкамлаш учун чоралар кўрилишини айтиб ўтдилар.
Ломбардия ҳудуди губернатори А. Фонтана иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, бу эса, Ўзбекистон-Италия муносабатларининг барча йўналишларини фаоллаштириш ва кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.
Шунингдек, мавжуд савдо-иқтисодий шароитлар ва бозор хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ҳозирги вақтда ўзаро савдо ҳажмини йилига 500 миллион долларгача ошириш имконияти мавжудлиги маълум қилинди.
Учрашувда Италиянинг «Cannon Eurasia S.r.l.» (пластмассага ишлов бериш ускуналарини ишлаб чиқариш), «Omnia Onlus Fondazione» (нодавлат нотижорат ташкилоти), «Maire Tecnimont» (нефт ва газ сектори), «SI.SE» (сигнализация тизимлари), «Rizzani – De Eccher/Codest» (инфратузилма), «Danieli» (металл ишлаб чиқариш), «Wood» (автомобил интеръерлари учун аксессуарлар) компаниялари вакилларининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Форум якунида келгусидаги ҳамкорлик учун аниқланган ёъналишлар доирасида амалий ҳаракатлар учун ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Форум доирасида икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида «G2В» форматидаги музокаралар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ушбу музокаралар бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилди.
Бу каби учрашувлар томонлардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда хамда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустахкамлашда асосий вазифани бажаради.
23.11.2019
00:54