ТАДБИРКОРНИНГ МУЛК ҲУҚУҚИ САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ ЁРДАМИДА ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига “Angelsey Food” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона мурожаат қилиб, Фарғона шаҳар ҳокимининг 19.09.2019 йилдаги 965-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Мазкур қарор билан “Angelsey Food” МЧЖга қонуний асосда тегишли бўлган Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар, “Юксалиш” кўчаси, 53-уй манзилида жойлашган савдо дўкони бино-иншоотлари фойдаланилмаётган объект сифатида Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига олиб қўйилган.
Ушбу қарор қабул қилиниши оқибатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.08.2019 йилдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафoлатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сонли Фармойишининг 2-банди талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.08.2019 йилдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ-5780 сонли Фармони 1- ва 2-бандлари талаблари қўпол равишда бузилган.
Юқоридаги қонунчилик ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, Савдо-саноат палатаси томонидан 18.10.2019 йилда “Angelsey Food” МЧЖ манфаатида Фарғона шаҳар маъмурий судига ариза киритилиб, унда Фарғона шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.
Фарғона шаҳар маъмурий суди 04.12.2019 йилда Палатанинг мазкур аризасини очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, аризада кўрсатилган талабларни тўлиқ қаноатлантирган. Шу билан “Angelsey Food” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонанинг бузилган мулк ҳуқуқи тикланди.
Савдо-саноат палатаси бу борадаги ишларни давом эттирмоқда.
05.12.2019
18:21