Тадбиркор фойдасига 88 миллион сўм ундириладиган бўлди
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбиркорларни қабул қилди ва уларнинг муаммосини ўрганди.
Ҳафта бошида қабулга кириш учун 51 нафар тадбиркор фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан ариза топширган бўлса, учрашувгача тегишли мутасаддилар томонидан 33 та мурожаат ижобий ҳал этилди.
Бу галги учрашувда муаммоси ҳал этилмаган 18 нафар тадбиркор хусусий мактаб қуриш, давлат шерикчилиги асосида боғча ташкил этиш, газ тармоғига уланиш, кредит олиш, ер ажратиш юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилди.
– Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин толаси” акциядорлик жамиятига 88,3 миллион сўмлик транспорт хизматини кўрсатганмиз, – дейди Нарпай туманидаги “Муса Малик” масъулияти чекланган жамияти вакили Малик Мусаев. – Кўрсатилган хизматлар учун белгиланган маблағни икки йилдан буён ололмаяпмиз. Бу масалада суд бизнинг фойдамизга қарор чиқарган ва ижросини таъминлаш мажбурий ижро бюросига ўтказилган. Аммо ҳалигача натижа йўқ. Вилоят ҳокимига ушбу масала юзасидан мурожат қилдим. Мурожаатимни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга ҳафта охиригача аниқ топшириқ берилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни эшитиб, ишбилармонларни қийнаётган масалаларнинг аксарияти масъулларнинг лоқайдлиги туфайли, йиллар давомида ўз ечимини тополмаётганини таъкидлади. Ҳар бир раҳбар тадбиркорнинг муаммосини ўз ваколати доирасида виждонан ёндашиб, уларга қонунан ечим топиш лозимлигини билдирди.
Қабулда кўрилган масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди.
17.12.2019
17:46