“Ягона дарча” – тадбиркор муаммоларига самарали ечим
“Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда, қонунчиликда белгиланган тартибни қийинлаштиришнинг ҳар хил усулларидан, жумладан рўйхатдан ўтиш ва лицензия олиш тартиб-таомилларини, шунингдек хусусий тадбиркорлик фаолиятига қаршилик қиладиган бошқабюрократик тўсиқлардан фойдаланишга қатъиян йўл қўйилмайди” - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2412-сон Қарорининг 5-банди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзига ва ўз олдига қўйган мақсадларига ишонган тадбиркорларга берилаётган эътиборнинг исботидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида республиканинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган “Ягона дарча” марказларининг хозирги кундаги фаолияти аввалги йиллардаги давлат хизматларини кўрсатиш тизимидан кескин фарқ қилади.
Авваллари бир неча идораларда туриб ўз вақтини навбат кутиш билан ўтказган тадбиркор ҳозирда шу тежалган вақти эвазига ўз фаолиятини ривожлантириш ва ўз устида кўпроқ ишлашга сарфламоқда.
“ЯГОНА ДАРЧА” МАРКАЗЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
“Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларида шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш “Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланган.
16 ТУРДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ
Марказлар томонидан 16 турдаги давлат хизматларни кўрсатиш жорий этилган бўлиб, улар орасида: объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома олиш; қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома олиш; ер участкалари бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома олиш; юридик шахслар бино ва иншоатлари ипотекаси тўғрисидаги шартномалари ва ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш; алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига рухсат гувоҳномаси олиш; турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома; инженерлик коммуникацион тизимларга “тугалланган ҳолда” улашкаби йўналишларидаги давлат хизматлари ҳам бор.
ТЕЗКОРЛИК - ДАВР ТАЛАБИ
Статистик маълумотларга кўра, “Ягона дарча”марказларига ҳозирга қадар 33 мингдан ортиқ аризалар қабул қилинганлиги қайд этилган. Бунинг натижасида, 16 та давлат хизматларини кўрсатилишида иштирок этувчи 30 дан ортиқ вазирлик, идора, ташкилотларҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларида ариза ва тегишли ҳужжатлар электрон ҳужжат алмашинув тизими орқали алмашилган.
Шуни маълумот учун қайд этиб ўтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон қарорига асосан, Вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб мазкур қарорнинг фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга ошириладиган давлат хизматлари Рўйхатига киритилган давлат хизматларини кўрсатиш учун бевосита тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилиш ёки давлат хизматларини кўрсатиш учун аризаларини кўриб чиқиш жараёнига таклиф қилиш тақиқланади.
Замонавий ахборот технологияларининг мазкур соҳада қўлланилганлиги давлат ташкилотларига юклатилган вазифаларни нафақат бажарилиши, балки бажарилишида тезкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тезкорлик тўғрисида гап очилганда тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатишда белгилаб берилган муддатларга алоҳида эътибор қаратишимиз мумкин.
Жумладан, мурожаатни “Ягона дарча” маркази орқалиқабул қилиш ва ваколатли органга етказиш жараёнини кўрганимизда, Марказга келган тадбиркор ёки фуқаронинг навбати узоғи билан 30 дақиқада келиши, у томонидан берилган ариза ва давлат хизмати турига қараб тегишли ҳужжатлар сканирлаш орқали электрон шаклга ўтказиш ҳамда тегишли ваколатли органга юборилиши бир иш куни мобайнида амалга оширилиши кераклигини кузатамиз.
Шунингдек, тезкор хизматни ташкил этишда Аризачилардан аризани қабул қилиш учун тегишли давлат хизмати паспортида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа ҳужжатлар орқали тақиқланаган.
Яна бир асосий ҳусусият шундаки, Марказларда Ахборот стендлари ташкил этилган бўлиб, унда хизмат кўрсатиш тартиблари ва бошқа қўшимча маълумотлар жойлаштирилган. Бу маълумотлар ёки мутахасислардан тадбиркорлар кўп соҳаларда ўзларига зарурий бўлган ахборотларни олишлари мумкин бўлади.
ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРДА КЎРСАТИЛИШИ НАЗОРАТДА
Шуни таъкидлаш жоизки, тизим орқали хизмат кўрсатишни мониторинг қилиш, юзага келаётган муаммоли вазиятларни ўрганиш ҳамда жойида бартараф қилиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, электрон тизим орқали маълумотларни йиғиш, мониторинг қилиш масаласимаълумки муҳим аҳамиятга эга.
Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатларига риоя этиш устидан назорат ўрнатилиши, давлат хизматларини кўрсатиш тартибининг бузилиши тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2412-сон Қарори билан Адлия вазирлигига юклатилган.
Назорат натижаларида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўлланилмоқда. Зеъро, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”
2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 358-сон Қарорининг 4-бандига кўра, Давлат хизматлари кўрсатадиган “Ягона дарча” марказларининг ва ваколатли органларнинг раҳбарлари:
уларнинг “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ўз вақтида ташкил этиш, шунингдек улар орқали тегишли давлат хизматлари кўрсатиш тартибига оғишмай риоя этиш юзасидан шахсий масъулияти тўғрисида;
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек лицензиялар ва бошқа рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ва муддатлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарлик чоралари тўғрисида қатъий огоҳлантирилиши кўрсатилган.
ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲАМКОРЛИГИ
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаситомонидан ҳам ўз мақсад ва вазифларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар орасида бўлиш ҳамда уларнинг фаолиятларидаги муаммоларни ўрганиш ишларига доимий эътибор қаратилган. Турли йўналишдаги мониторинг натижаларидан аниқланадиган тадбиркорлик субъектларидаги муаммоларни ечимини топишда чораларни кўриш орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни ташкил этиш диққат марказида туради.
Палата томонидан ўрганиш ва изланишлар натижасида “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш масаласида кўплаб берилган таклифлар ҳозирда амалиётда самарали қўлланилмоқда.
Ундан ташқари, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияси вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда, туман (шаҳар) ҳокимликлари, бошқа қатор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда “Ягона дарча” марказларнинг штат бирликлари аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўрилди, улар орасида ўнлаб семинар ва мастер класслар ўтказилди.
Шу билан бирга, умуман Марказлар фаолияти ва хизмат турларидан фойдаланишга доир маълумотлар ташкил этилаётган кўпгина тадбирлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилмоқда. Тадбиркорлардан билдирилаётган таклифларни амалга оширилиши юзасидан таҳлилий материаллар ва хуқуматга тегишли таклифлар умумлашмасини тайёрлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
ХИЗМАТЛАРДАН ФОЙДАЛАНГАН ТАДБИРКОРЛАРДАН МИСОЛЛАР
Андижон вилояти, Андижон туман Якка тартибдаги тадбиркор Қосимов Машалбек Ғаниевич Дўнгқишлоқ ёғоч ҳамда альюминдан эшик ва ромлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Иш ҳажмини кўпайтириш мақсадида қўшимча ҳом-ашёга эҳтиёж сезган тадбиркор АТБ “Ҳамкорбанк” вилоят тузилмаси орқали 150 млн. сўм миқдорида кредит олишни режалаштирди. Кредит шартномасини расмийлаштиришда юридик шахслар бино ва иншоатлари ипотекаси тўғрисидаги шартномалари ва ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича “Ягона дарча” марказига мурожаат қилди.
Мурожаатнинг ижроси бир кунлик муддатда таъминланиб, тадбиркорга рўйхатдан ўтказилган, муҳр билан тасдиқланган шартномалар қайтарилди.
Вилоятнинг Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Нуравшон диёр ривожи” МЧЖ шаклидаги юз кишини қабул қилиш сиғмига эга умумий овқатланиш ошхонаси раҳбари Ахмедов Хусанбой Мухаммаджоновичнинг Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат олиш (муддатини узайтириш)га доир мурожаати уч кунлик муддатда махсус гувоҳнома муддатини узайтириш орқали ҳал этилди.
Бунда, “Ягона дарча” маркази мурожаат муаллифидан аризани қабул қилиб, алкоголь маҳсулотларини чакана савдоси ҳуқуқини учун рухсат гувоҳномани берувчи Комиссиянинг ишчи органига ҳамда бир вақтнинг ўзида Санитария эпедемиалогия назорати, ёнғин ҳавсизлиги, кадастр ва солиқ инспекциясига юборган. Комиссиянинг тегишли қарори олиниб, мурожаат муаллифига етказилган.
Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Зикрулло Файз” оилавий корхонаси раҳбари Рахимов Махмуджон Мухаммадович атлас ва адрас ишлаб чиқариш цехи учун тадбиркорлик субъектларини мухандислик коммуникация тизимига тайёр холда улаш тури бўйича давлат хизматини олиш учун “Ягона дарча” марказига ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатга жавобан беш кунлик муддатда газ тармоғига тайёр холда уланиш орқали “Водийгазтаъминот” Марғилон шахар филиали хамда “Зикрулло Файз ” оилавий корхонаси ўртасида шартнома имзолаб, масала ижобий ҳал этилган.
Инфратузилма тармоғига уланиш орқали фаолиятини йўлга қўйган оилавий корхона ҳозирда ўнта янги иш ўрларини яратиш бўйича чоралар кўрмоқда.
ХУЛОСА
Кўниб турибдики, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш учун жорий қилинган механизм уларнинг ишончларини оқламоқда. Бундан кейин ҳам мазкур тизимни янада такомиллаштириш ва кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш кўзда тутилганлиги юртимизда хусусий тадбиркорларнинг сони , улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини тобора ошиб боришигахизмат қилади.
Одилбек ТУРСУНХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
“Business Monitoring Group” унитар корхонаси
директори ўринбосари
30.05.2016
12:26