ҚУРИЛИШДА ДАВЛАТ НАЗОРАТИ МЕХАНИЗМЛАРИ 1 АПРЕЛДАН ЎЗГАРАДИ
Бу Президентнинг 2020 йил 5 февралдаги қарорида назарда тутилган, унинг матни ЎзАда жойлаштирилган.
2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектлари учун хавф-хатарлар тоифалари ва объектларнинг функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қурилиш назоратининг такомиллашган тартиби жорий этилади. У қуйидагиларга асосланади:
- объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишга, объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби ва даврийлигига қўйиладиган табақалашган талабларни уларнинг хавф-хатарлар тоифаси ва функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
- хавф-хатар тоифаси паст ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари учун лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси, муаллифлик назорати ва давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича мажбурий талабларни бекор қилиш. Бунинг ўрнига Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан объектнинг қурилиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини инструментал техник текширувдан ўтказишни жорий қилинади;
- Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар инспекторларига, шунингдек, хавф-хатар тоифаси юқори бўлган объектларда техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларга қўйиладиган малакавий талаблар ва уларнинг жавобгарлигини кучайтириш;
- 2020 йил давомида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, электрон ҳужжат алмашинувини босқичма-босқич жорий этиш. “Қурилишдаги назорат” қуйи тизими 2020 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилади.
Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламент икки ой муддатда Ҳукуматга киритилиши керак.
Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекцияларга давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида кенг ваколатлар берилди. Улар қуйидагиларга ҳақли:
- бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва демонтаж ишларини амалга оширишни талаб қилиш;
- юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
- лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;
- объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш.
Бунда Инспекциянинг мақоми оширилди. Энди бу давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс – республика давлат бошқаруви органи, ўз фаолиятида Қурилиш вазирлигига ҳисобдор бўлади. Унинг тузилмасида Комплаенс хизмати ташкил қилинади, ҳудудий инспекциялар тузилмасига комплаенс-назорат бўйича мутахассис лавозими киритилади. Хизмат ва мутахассислар бевосита Инспекция бошлиғига бўйсунади.
2020 йил 1 мартдан бошлаб Инспекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 1,4 баробарга оширилади. 1 июлдан бошлаб эса Инспекция ва ҳудудий инспекциялар бошлиқлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни бошлайди. Ҳуқуқбузар томонидан ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартиби сақлаб қолинади.
Шу билан бир қаторда қуйидаги чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган:
биринчидан:
а) 2020 йил 1 мартдан бошлаб бюджет тизимидаги бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари капитал таъмирлаш объектларида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича талаблар;
б) Инспекция ва ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини жорий қилган ҳолда, уларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мавжуд тартиб-таомиллар қуйидаги муддатларда босқичма-босқич бекор қилиш:
- молиялаштириш манбаларидан қатъи назар хавф-хатар тоифаси паст объектлар учун – 2020 йил 1 майдан;
- давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун – 2022 йил 1 январдан;
- бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун –2021 йил 1 январдан.
Объектларни фойдаланишга қабул қилиш учун рухсатномалар бериш тартиби татбиқ қилингунига қадар Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни (давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари) фойдаланишга қабул қилиш жараёнига давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилади. Улар объектларни қабул қилиш муддатлари доирасида объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида ўз хулосаларини тақдим этади.
иккинчидан, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб давлат қурилиш назорати амалга оширилиши шарт бўлган барча объектлар бўйича ҳудудий инспекцияларга ажратмалар қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,2%ига тенг ягона миқдор (ҚҚСсиз) жорий этилади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:
- 0,02%и Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига, шу жумладан, 0,01%и – Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари эҳтиёжларини молиялаштиришга йўналтирилади;
- 0,18%и ҳудудий инспекциялар ихтиёрида қолдирилади.
Объектлар конструкциялари, қурилиш материаллари ва буюмларини халқаро стандартларга мувофиқ тўлақонли синовдан ўтказишни амалга ошириш учун Комплекс қурилиш синов лабораторияси ташкил этилади. 2020 йилда бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 20 млрд сўм (ундан кўп бўлмаган миқдорда) ажратилади, етмайдиган қисми учун Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланилади.
Манбаа: norma.uz
06.02.2020
12:04