“Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли мавзусидаги илмий-амалий семинар
2020 йилнинг 27 февраль куни, Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги «RAMADA» меҳмонхонасининг мажлислар залида, “Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил қилинган ушбу тадбирда, ССП ва ҳудудий бошқарма ҳузуридаги ҳакамлик суди, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги вакили, вилоят ҳокимлиги, фуқаролик ишлари бўйича суди ва иқтисодий суд судьялари, адвокатлар палатаси, Адлия бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳодимлари иштирок этишди.
Анжуманда “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари”, “Медиация: ҳуқуқий асослари, хорижий тажриба ва амалиёт”, “Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби” мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва мазкур соҳанинг тажрибали мутахассислари маърузалар қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ўз маърузасида низоларнинг муқобил ҳал қилиш усулларининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, жумладан ҳакамлик судлари ва медиация тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинганлигини таъкидлади.
Семинар тадбиркорларнинг фаол иштирокида, бахс-мунозарали ўтди, шунингдек унда маърузачиларга низоларни муқобил ҳал қилиш усуллари қўллашда юзага келаётган масалалар бўйича саволлар берилди.
Илмий-амалий семинар якунида низоларни муқобил ҳал қилишнинг афзалликларини тарғибот қилиш доирасини тубдан кенгайтириш ва кучайтириш, шунингдек ҳакамлик судлари фаолиятини янада оммалаштириш, барча ҳудудларда медиация марказларини ташкил қилиш, профессионал ва нопрофессионал медиаторларни тайёрлаш сонини кўпайтириш бўйича тавсиялар қабул ишлаб чиқилди.
27.02.2020
14:23