Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон-Малайзия савдо палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Жорий йилнинг 5 март куни Савдо-саноат палатасида Малайзия давлатинини Ўзбекистон-Малайзия савдо палатаси (МCУУ) вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда томонлар Малайзия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ривожланиш кўрсаткичларининг тобора ўсиб бораётганлигига алоҳида тўхталиб ўтишди.
ССП раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ўз нутқида, ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, шунингдек икки томонлама ташкил қилинган семинар, форум ва “B2B” учрашувлар ўзининг юқори натижаларини бераётганлиги ва шу орқали товар айланмаси кўлами ошганлигини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида Малайзия делегацияси вакили Раж Дураираж илиқ кутиб олингани учун ўз миннатдорчилигини билдириб, ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг иқтисодий соҳаларига инвестициялар киритиш ва тадбиркорлар билан тажриба алмашиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш эканлигини қайд этиб ўтди.
Келгусида мамлакатлар ўртасидаги экспорт-импорт салоҳияти янада ривожланишига умид билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон-Малайзия савдо палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Малайзия ишбилармонлари учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.
05.03.2020
19:17