"Ўзбекистон-Нидерландия" агро-бизнес форуми Самарқандда бўлиб ўтди
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 12 март куни Самарқанддаги Ёшлар Иттифоқи биносида “Ўзбекистон-Нидерландия” агробизнес - форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форумга Нидерландия Қироллигининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси - Меувес Бравер бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов кириш сўзи билан очиб берди. Мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси савдо - саноат палатаси раисининг ўринбосари Ф.Усманов ва "Ўзбекчорванасл" агентлиги директори хамда тадбиркор ва ишбилармон доиралар иштирок этдилар.
Меҳмонлар учун Ўзбекистон ва Самарқанд вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти ҳақида тақдимот намойиш этилди. Ўз навбатида ташриф буюрган делегация томонидан ҳам Нидерландия Қироллигининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти тўғрисида тақдимотлар намойиш этилди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ярмаркаси ташкил этилиб, меҳмонлар ўзбек маҳсулотлари билан танишдилар.
«Ўзбекистон-Нидерландия» агро-бизнес форуми доирасида "В2В" форматидаги учрашувлар ўтказилиб, унда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқдалар.
12.03.2020
16:07