Лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш ва соддалаштириш бўйича ўтказилган Эксперт кенгаши йиғилишлари натижалари юзасидан маълумотнома
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 87-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 17 февраль куни ўтказилган йиғилишнинг 15-сонли баёни 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Савдо-саноат палатаси томонидан Бизнес омбудсман билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгашининг 5 та йиғилишлари 2-13-март кунлари видеоконференция шаклида ўтказилди.
Йиғилишларда жами 983 та тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, улар томонидан фаолиятнинг айрим турлари бўйича лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш ёки уларни бошқа алтернатив шаклларга ўтказиш, бу борадаги мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш бўйича 77 та таклифлар билдирилди.
Йиғилишларда лицензия ва рухсатномаларни олиш борасида сўнги йилларда қабул қилинган чоралар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар кузатилаётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ҳанузгача мавжуд бўлган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш мақсадида, тадбиркорлар томонидан қуйидаги таклифлар билдирилди.
1. Фаолиятда ҳар хил қийинчиликларни туғдираётганлиги, жамият ва фуқароларнинг манфаатларига бирон-бир зиён етказмаётганлиги, рақобатни чеклашга, яъни маълум бир соҳаларга тадбиркорларни кенгроқ жалб этилишига тўсиқ бўлаётганлиги, ваколатли органлар томонидан ортиқча назоратга сабаб бўлаётганлиги туфайли қуйидаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш, айримларини бирлаштириш ёки талабларини соддалаштириш:
а) қуйидаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш:
- пиво маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун лицензия;
- алкоголь маҳсулотларини умумий овқатланиш корхоналарида сотишга бериладиган рухсатнома;
- қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш ва лотерея ўйинлари ўтказиш фаолиятидаги лицензиялар;
- ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи томонидан ташишда лицензиялар;
- транспорт воситалари учун лицензия карточкалари;
- ветеринария соҳасида лаборотория-диагностика ишларини амалга оширишга лицензиялар;
- кўприкларни таъмирлаш соҳаси учун лицензиялар;
- халқаро тармоқларга хизматлар кўрсатиш фаолияти “Ўзбектелеком” АЖ орқали амалга оширилганлиги сабабли, ушбу йўналишдаги лицензиялар;
- баҳолаш соҳасидаги лицензиялар (бизнесни баҳолаш ҳуқуқи учун лицензия ва интелектуал мулк объектларини баҳолаш учун бериладиган лицензиялар бундан мустасно);
- қурилиш соҳасида лицензияни бекор қилиб, унинг талабларини тендер талаблари сифатида белгилаш. Қурилиш ташкилотларини тоифаларга бўлган ҳолда, тендерга жалб қилиш.
б) қуйидаги лицензия ва рухсатномалар талабларини соддалаштириш ёки бекор қилиш:
- алкоголь маҳсулотларини сотишда ҳар йил тўланиши лозим бўлган йиғимларни бекор қилиш;
- фонд биржалар ва ломбардлар фаолиятидаги лицензия бериш жараёни ҳамда талабларини соддалаштириш;
- туризм соҳасидаги лицензияларни сақлаб қолиш, бироқ ушбу соҳадаги сертификатни олишнинг ихтиёрийлигини белгилаш;
- туризм соҳасидаги лицензия ва рухсатномалар учун давлат божларини камайтириш;
- тиббий фаолиятни амалга оширишда қўйиладиган талабларни (хоналар сони ва уларни тақсимлаш, уларнинг ҳажмларига боғлиқ бўлган талабларни) соддалаштириш;
- дори воситаларини улгуржи сотишдаги талаблардан бири бўлган сотувчига қўйиладиган малакавий талабларни, шунингдек ҳар бир дорихона ходимида сертификатнинг мавжуд бўлиши талабини бекор қилиш;
- ветеринария препаратлари, доривор воситалари, озуқа қўшимчалари, биологик препаратлар ва зоогигиена воситаларини ишлаб чиқариш учун лицензияларни сақлаб қолган ҳолда, унинг талабларини соддалаштириш;
- телекоммуникация соҳасидагилицензиянинг йиллик тўловлар билан боғлиқ талабларини соддалаштириш, яъни йиллик тўловлар миқдорини камайтириш;
- четдан олиб келинадиган бир турдаги радиоэлектрон ва юқори частотали техника воситалари учун битта рухсатномани чекланмаган муддатга бериш;
- баҳолаш ва риэлторлик соҳаларидаги малака сертификатларини ушбу соҳадаги нодавлат ташкилотлар (ассоциация ёки палаталар) томонидан чекланмаган муддатларга бериш амалиётини жорий қилиш;
- баҳолаш соҳасидаги лицензиялар билан бирга қуйидаги талабларни ҳам бекор қилиш: устав фондига қўйилган талаблар;
- ходимларнинг ҳар 3 йилда малака ошириши лозимлиги талаби;
- аукционларни ўтказишни (кўчмас мулк ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш) риэлторларга тўлиқ бериш;
- риэлторлик соҳасидаги лицензиялар билан бирга қуйидаги талабларни ҳам бекор қилиш: риэлторлик ташкилоти раҳбари лавозимига фақат риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган ходимни тайинлаш;
- устав капиталига эга бўлиш кераклиги талаби;
в) қуйидаги лицензия ва рухсатномаларни бирлаштириш:
- транспорт соҳасидаги лицензияларни икки катта гуруҳга ажратиш, яъни мамалакат ҳудудидаги ташишлар ва халқаро ташишлар. Мазкур гуруҳларни эса, юк ва йўловчи ташиш бўйича тоифаларга бўлиш. Фақат халқаро ташишлар учунгина лицензияларни сақлаб қолиш;
- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурулмаларни сотиб олиш (бериш), лойихалаштириш ва қуриш (ўрнатиш)га рухсатномаларни радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурулмалардан фойдаланиш учун бериладиган рухсатномалар билан бирлаштириш;
- телекоммуникация соҳасидагимаҳаллий ва шаҳарлараро тармоқларга хизматлар кўрсатиш фаолиятлари учун лицензияларни бирлаштириш.
2. Айрим лицензия ва рухсатномалар тадбиркорлар устидан ортиқча назоратни амалга ошириш ва коррупция мақсадида жорий этилган. Бундай фаолиятларнинг устидан назоратни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир. Лекин, назоратни олиб бориш учун ваколатли органни хабардор қилиш етарли эканлигини инобатга олган ҳолда, қуйидаги лицензия ва рухсатномалар ўрнига хабардор қилиш каби алтернатив усулларга ўтиш таклифлари билдирилди:
- давлат намунасидаги ҳужжат бермайдиган нодавлат таълим муассасалари (тил ўргатиш, малака ошириш, қайта тайёрлаш курслари кабилар) учун лицензияларни бекор қилиш ва ушбу фаолиятни ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга ошириш;
- алкоголь маҳсулотларини сотишга лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиб, уни ваколатли органни хабардор қилиш тартибига ўтказиш;
- йўловчиларни енгил машиналарда ташиш фаолиятини ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга ошириш;
- тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияни ваколатли органни хабардор қилиш тартибига ўтказган ҳолда, бекор қилиш;
- дори воситаларини чакана ва улгурчи савдоларини амалга ошириш учун лицензияларни бекор қилиш ва уни ваколатли органни хабардор қилиш тартибига ўтказиш;
- риэлторлик фаолиятида лицензияни бекор қилган ҳолда, бу соҳадаги йўналишларни алтернатив усуллар билан тартибга солиш.
3. Лицензия ва рухсатномалар олиш жараёнидаги тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш, уларни бериш тартибларини янада соддалаштириш, бу соҳада давлат ҳамда жамоатчилик назоратини шакллантириш ва олиб бориш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бошқа талабларни бартараф этиш мақсадида, қуйидаги қўшимча таклифлар билдирилди:
- якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам пиво маҳсулотларини сотиш учун рухсат бериш;
- диний ва таълим муассасаларидан 200 метр масофада жойлашган савдо шоҳобчаларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Аммо, амалиётда бу муаммоли масалаларни келтириб чиқармоқда. Бугунги кунда аҳоли зич жойлашган катта шаҳарда (хусусан Тошкент шаҳрида) бундай жойларни топиш имконсиз. Шу сабабли, ушбу талабни бекор қилиш;
- алкоголь маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган барча субъектларга (улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчиларга) ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри сотиб олиш имкониятини яратиб бериш;
- дори воситаларини сотиш бўйича ўз фаолиятини янгидан бошлаган тадбиркорлар учун уни сотиш талабларини ваколатли ва назорат қилувчи органлар томонидан тушунтириш ишларини олиб борилишини йўлга қўйиш;
- тадбиркорлик соҳасида монополиянинг олдини олиш мақсадида, давлат органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи давлат ташкилотларини ташкил этишга йўл қўймаслик (“E-ijro” аукцион каби);
- лицензия ва рухсатномалар бериш бўйича алоҳида ваколатли органни ташкил этиш, шунингдек, лицензия ва рухсатномалар бериш устидан Палата томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилишини йўлга қўйиш;
- лицензия ва рухсатномалар бериш юзасидан ягона реестр (база) ташкил этиш. Мазкур база бўйича давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда жамоатчилик назоратини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига юклатиш;
- лицензия бериш талабларини бузган масъул ташкилот раҳбарлари жавобгарлигини кучайтириш, ушбу соҳадаги ходимлар малакасини ошириш ҳамда уларни махсус аттестациядан ўтказиш;
- лицензия беришда муддатларни бузганлик ҳамда асоссиз рад этиб, сансалорликка йўл қўйилганлик ҳолатларини таъмагирлик сифатида баҳолаш;
- айрим фаолият турларидаги лицензия ва рухсатномалар ушбу соҳага янги тадбиркорлик субъектлари кириб келишига тўсиқ бўлаётганлигини ва умуман олганда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганлигини инобатга олиш.
19.03.2020
13:32