ССПнинг тадбиркорлар манфаатида навбатдаги жамоатчилик экспертиза хулосаси
Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги ЎРҚ-483-сонли Қонунининг (янги таҳрири) 22-моддасига асосан тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.
Лойиҳа: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк Бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул маблағлари айланмаси ҳамда хисобварағи ёки (депозити) тўғрисидаги маълумотлар бўйича Давлат солиқ қўмитасига электрон ахборот узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори
Лойиҳа муаллифи: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Лойиҳани ишлаб чиқиш асоси: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 134-моддаси
Лойиҳанинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш: тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланди.
Савдо саноат палатаси ушбу хужжатни кўриб чиқди ва унга қуйидаги тавсияларни берди: (хулоса билан танишиш)
1. Лойиҳада Солик кодексининг 134-моддасида кўра банклар томонидан солиқ органларига банк мижозларига оид маълумотлар, шу жумладан уларнинг хисоб варақлари бўйича амалга оширилган операциялар ҳақидаги ахборотларни тақдим этиш тартиби белгиланган.
Лекин, таклиф этилаётган тартиб Банк сири тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ва Солиқ кодексининг 134-моддаси талабларига мос келмайди.
Масалан: “Банк сири тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига кўра, “Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади”- деб белгиланган. Демак, қонунда банк сирига оид маълумотларни тақдим этишнинг аниқ мақсади белгиланган. Шу боис, Низомда мазкур талабга қатъиян риоя этган ҳолда, фақатгина солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда маълумотларни сўраб олиш мумкин.
Шу билан бирга Солиқ кодексининг 134-моддаси 3-қисмида банк мижозига нисбатан ахборот фақат ёзма сўровнома асосида тақдим этиши белгиланган.
Лойиҳада эса мазкур талаб эътиборга олинмаган, чунки тадбиркорлик субъектларига оид тегишли маълумотларни доимий равишда ва сўровномасиз бериб борилиши назарда тутилмоқда. Сўровнома асосида маълумотларни олиш, биринчи навбатда, зарурият мавжудлигини назарда тутади, иккинчидан, банклар томонидан бирон-бир сўровномасиз, яъни зуруриятсиз, барча маълумотларни тақдим этишга оид ноқонуний қоидани инкор этади.
Шунингдек, мазкур Низом лойиҳасини ишлаб чиқишда илғор хорижий давлатлар иқтисодиёти ривожланган Европа давлатлари, шунингдек, Жанубий Кореа, ХХР, АҚШ ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилмаган, Палата томонидан такрор-такрор сўралгандан сўнг, айрим давлатлар (Россия, Қозоғистон ва Белорусь) тажрибаси тақдим этилди.
Мазкур давлатлар тажрибасида ҳам (Қозоғистон) банк сири ҳисобланадиган тадбиркорлик субъектлари ҳақидаги тегишли маълумотларни доимий равишда бериб борилиши назарда тутилмаган бўлиб, фақатгина солиқ органларинг сўровига асосан маълум бир маълумотни тақдим этилиши белгиланган.
Баён этилганларни эътиборга олиб, Низом лойиҳасини Солиқ кодексининг 134-моддасига ва “Банк сири тўғрисида”ги Қонун талабларига ҳамда иқтисодиёти ривожланган илғор давлатларнинг тажрибасини чуқур ўрганган холда қайта кўриб чиқиш тавсия этилади. Мазкур талабларга қатъиян риоя этилиши чет эл инвесторларнинг ва маҳаллий тадбиркорларнинг мамлакатимиз банкларига ишончини мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга хизмат қилишини эътиборга олиш зарур.
2. Лойиҳа 1-иловасининг 3-банди 4-хатбошисида: “бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушгун пул маблағлари айланмаси 30 млн.сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва трансакциялар сони 10 тадан ошган Р2Р операциялари тўғрисидаги ахборотларни хар ой якуни бўйича кейинги ойнинг учинчи иш кунидан кечиктирмаган холда миллий ва чет эл валютасида 6 ва 6а-иловаларга мувофиқ” – деб кўрсатилган.
Бироқ, мазкур талаб Солиқ кодексида кўрсатилмаган, яъни бу қоида хуқуқий асосга эга эмас.
Шу боис, 1-илованинг 3-банди 4-хатбошисини лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
3. Палата тавсияларининг кўриб чиқилиши натижаси юзасидан Палатага хабар берилиши лозим.
08.04.2020
17:53