“Бизнеснинг ижтимоий масъулияти” мавзусида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашув натижалари
Жорий йилнинг 28 апрель куни Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов Палата биносида “Бизнеснинг ижтимоий масъулияти” мавзусида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари (kun.uz, qalampir.uz, daryo.uz) иштирокида суҳбат ўтказди.
Учрашув давомида тадбиркорларнинг “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида иштироклари муҳокама қилинди. Шунингдек, ОАВ вакиллари эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва танлаш механизмлари, уларга ёрдам бериш ҳамда Палатанинг тадбиркорларни ушбу хайрия ҳаракатига жалб қилишдаги роли ҳақида қизиқдилар.
Саволларга жавоб берар экан, Палата раиси қуйидагиларга изоҳ берди:
- оилаларни танлаш механизми, бунда кўнгиллилар ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари муҳим роль ўйнайди. Улар туман ҳокимликлари ва маҳалла қўмиталари билан биргаликда Ўзбекистонга қайтган ва ишсиз қолган меҳнат муҳожирлари, пандемия шароитида молиявий жиҳатдан қийналиб қолган оилалар, даромадлари кунлик иш ҳақига боғлиқ бўлган фуқаролар ва олдиндан ижтимоий заиф аҳоли қатламлари саҳоватга муҳтож оилалар рўйхати тузилади.
- тадбиркорларни жалб қилиш тартиби, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва солиқ инспекциялари ҳокимликларнинг иқтисодий блоклари билан биргаликда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида тадбиркорларнинг умумхалқ ҳаракатида иштирок этиш имкониятлари тўғрисида сўров ўтказадилар.
Кейинчалик тайёрланган рўйхатлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.
Тасдиқланган тадбиркорлар ва эҳтиёжманд оилаларнинг рўйхатлари молиявий имкониятларига қараб, тадбиркорларга маълум миқдордаги оилалар бириктирилади ва тадбиркорларнинг ўзлари оилаларга қандай кўринишда кўмак беришни, озиқ-овқат кўринишида ёки молиявий маблағларни оила бошлиқларининг банк карталарига ўтказишларини, белгилаб оладилар.
Шу билан бирга, умумхалқ ҳаракати иштирокчиси бўлган тадбиркорларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қўшимча имтиёз ва преференциялар берилади.
Тадбирга “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида иштирок этган тадбиркорлар ҳам таклиф этилди ва улар нима учун эҳтиёжманд оилаларга кўмак беришга қарор қилганликлари тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар.
“MILL MAX GROUP” МЧЖ вакили Каланов Элмуроднинг сўзларига кўра, муқаддас “Рамазон” ойида корхона ҳар доим хайрия тадбирларини ўтказиб келган. Бу сафар улар умумхалқ ҳаракатига қўшилишга қарор қилишди аммо, озиқ-овқат ёки пул маблағларини эҳтиёжманд оилаларга етказишда жисмоний жиҳатдан имкониятлари бўлмаганлиги сабабли 600 оилани 3 ой давомида таъминлаб туриш мақсадида 1,8 млрд. сўм пул маблағини Фонд ҳисобига ўтказиб бердилар.
“NICE PARTINERS” МЧЖ директори Мўминов Абдувоҳид ушбу ташаббусни унинг дўсти – туман депутати таклиф қилганини таъкидлади. “Биз 35 оилага ёрдам беришга қарор қилдик. Мен одамларга ёрдам беришни яхши кўраман, хайрия ишлари билан илгари ҳам шуғулланганман ва бу ҳар биримизнинг бурчимиз” деди А.Мўминов.
Шуниндек, учрашувда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган чет эл фуқаролари Карим Бетхуш (Жазоир) ва Жоу Анжан (Хитой) ҳам иштирок этдилар.
«Seafood import and trade» МЧЖ таъсисчиси К.Бетхуш коронавирусга қарши курашишда кўрилаётган чоралар ва фуқароларга берилаётган кўмак айни дамда жуда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.
«Seafood import and trade» МЧЖ “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фонди ҳисоб рақамига 80 млн.сўм ўтказди ва “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 7 та эҳтиёжманд оилага кўмак бермоқда.
«MU LIN SEN» компанияси директори Жоу Анжан эҳтиёжманд оилаларни оғир дамда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фонди ҳисоб рақамига 400 млн. сўм ўтказиб берганлиги тўғрисида маълумот берди.
Қурилиш электротехника буюмлари (розеткалар, ўчиргичлар) ишлаб чиқарувчи «NEO STROY INVEST» МЧЖ корхонаси ҳам “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати иштирок этмоқда.
Корхона директори Бегманов Баҳодирнинг сўзларига кўра, умумхалқ ҳаракати доирасида 45 нафар ногиронлиги бор фуқаролар иш билан таъминланди ва 30 та муҳтож оилаларга кўмак берилди.
Бундан ташқари, журналистларни бизнес вакилларининг давлат органлари томонидан ушбу хайрия ҳаркатларига мажбурлаш эҳтимоллиги бўлган ҳолатлар ҳам қизиқтирди. Бу каби саволларга Палата раиси тадбиркорларни умумхалқ хайрия ҳаракатларига мажбурлаш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаси борлигига алоҳида урғу берди ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман иштирокида Махсус республика комиссияси тузилганлигини таъкидлади.
Учрушув якунида Палата раиси бизнес ва ОАВ вакилларига умумхалқ ҳаракатини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда ОАВ вакилларини “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг ташаббуслари, унинг мақсади, ишлаш механизми ва мамлакат фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги самарадорлигини кенг жамоатчиликка етказишга чақирди.
29.04.2020
16:00