Республикамизда экспорт қилиш имконияти юқори бўлган данакли мевалар бўйича таҳлил
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун янги жаҳон бозорларни излаш ва ўзлаштириш, юртимизда етиштирилган мазкур маҳсулотларга бўлган талаб ва таклифларни ўрганган ҳолда гилос, ўрик, шафтоли ва олхўри каби маҳсулотларнинг таҳлилий маълумотини тақдим этмоқда.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, 2019 йилда анъанавий савдо бозорлари ҳисобланмиш Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украина, Озарбайжон, Хитой ва Корея Республикаси жами 2,4 млрд.долл., миқдорида данакли мевалар импорт қилган, хусусан, гилос – 1,6 млрд.долл., шафтоли – 359,1 млн.долл., олхўри – 269,6 млн.долл. ва ўрик – 84, 7 млн.долл.
2019 йилда республикамиздан ушбу 4 турдаги меваларнинг жами экспорти 195,5 млн.долларни ташкил этган. Жумладан, ўрик - 67,3 млн.долл., (Қирғизистон – 37 % , Қозоғистон – 36 % ва бошқ.), гилос – 52,5 млн.долл., (Қирғизистон – 55 % , Қозоғистон – 28 % ва бошқ.), шафтоли – 46 млн.долл., (Қозоғистон – 47 % , Қирғизистон – 33 % ва бошқ.), ва ўрик – 29,6 млн.долл., (Қозоғистон – 45 % , Россия – 36 % ва бошқ.).
Шунингдек, айрим Европа Иттифоқи мамлакатларининг 2019 йилда данакли мевалар жами импорти 2019 йилда 2,3 млрд.доллар бўлиб, хусусан шафтоли импорти – 1,3 млр.долл., гилос – 485 млн.долл., олхўри – 293 млн.долл., ва ўрик – 280 млн.долл.
Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда бутун дунёда ва Европада кенг тарқалган пандемия ва унга қарши кўрилган чора-тадбирлар туфайли Европада қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчилар сони кескин тушиб кетиши мумкин. Бу эса ўз навбатида Европада мавсумий ишчиларининг етишмаслиги туфайли ҳосилнинг бир қисмини йўқолишига сабаб бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили Германия– 300 минг, Италия – 250 минг, Франция – 200 минг, Испания – 80 минг та мавсумий ишчиларни Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан жалб қилади. Бироқ ҳозирги кунда чегараларинг ёпилиши сабабли ушбу мавсумий ишчилар Евпропа Иттифоқи худудини кесиб ўта олмайдилар.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (БМТ, ФАО) ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда юртимиздан мева-савбзавот маҳсулотлари экспорти асосий бозорларда пасайиши мумкин.
Бунинг асосий сабаблари эса, жаҳонда нефть нархининг тушиб кетиши ўз-ўзидан Россия ва Қозоғистон энергия экспортидан даромадларига таъсир этиб, миллий валютанинг девальвацисияга, ишсизлик сонининг ортиши ва аҳолининг даромадлари пасайишига олиб келади.
Юқоридаги таҳлилий маълумотларни инобатга олган ҳолда, жорий мавсумда Европа давлатлари хусусан, Германия, Австрия, Буюк Британия, Италия, Голландия, Франция, Белгия, Польша, Болгария ва бошқа давлатлар Ўзбекистондан ушбу 4 турдаги данакли мевалар экспорти учун истиқболли бозорлардан бўлиши мумкин.
Маҳсулот сифатини ошириш, маҳсулот таннархи ва транспорт ҳаражатларини муқобиллаштириш ушбу бозорларини ўзлаштириш имконини беради.
Бу ҳолда, 4 турдаги данакли мевалар бўйича Ўзбекистоннинг улуши ушбу мамлакатлар импортида 5 % га ўсиши мумкин ва экспорт 11, 8 млн.долл., миқдорида бўлиши мумкин.
12.05.2020
18:05