Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари Савдо-саноат палатаси ҳимоясидадир
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан, Палатага тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган.
Савдо-саноат палатаси мазкур ваколатдан самарали фойдаланиб келмоқда. Хусусан, биргина жорий йилнинг 1-чораги давомида Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Палата аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида умумий суммаси 3 трлн. 842 млрд. сўмга тенг бўлган 29049 та даъво аризалари киритилган, шундан 23146 та даъво аризалар тўлиқ қаноатлантирилган. Қолган даъво аризалар эса судлар томонидан кўриб чиқиш жараёнида.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, Палата тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Таъкидлаш лозимки, мазкур механизм тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низоларни судгача ҳал этиш орқали тарафлар томонидан тўланадиган суд харажатларини олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.
Жорий йилнинг 1-чораги давомида Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган жами 482 та низолар судгача ҳал этилган.
Хусусан, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Палатага мурожжат қилиб, “Ўзбеккўмир” АЖдан 117 119 АҚШ долларини суд тартибида ундиришни сўраган. Тарафлар ўртасида вужудга келган ушбу низо Палатада ташкил этилган учрашув натижасида мурожаат муаллифининг фойдасига судгача ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, Палата томонидан киритилаётган даъво аризалар таҳлил қилинганда, давлат бошқарув органларининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Жумладан, жорий йилнинг 1-чораги мобайнида Палата томонидан давлат бошқарув органларининг қарорлари устидан судларга 118 та даъво аризалари киритилган ва уларнинг деярли барчаси қаноатлантирилган.
Хусусан, Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркор “БИОКИМЁ” АЖ манфаатида Янгийўл шаҳар давлат солиқ инспекциясига нисбатан Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, унда солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорга нисбатан ноқонуний равишда ортиқча ҳисобланган 1,2 млрд. сўм тадбиркорга қайтариш талаби қўйилган.
Зангиота туманлараро иқтисодий суди ушбу даъво аризани кўриб чиқиб, Палатанинг даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Шу орқали яна бир тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда, кўриниб турибдики Савдо-саноат палатасига берилган ваколатлар тадбиркорлар манфаатларини суд орқали давлат божи тўламасдан ҳимоя қилишда муҳим имконият ва воситадир.
ССП Ахборот-хизмати
14.05.2020
17:42