Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 303 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-иловасининг 13-бандига кўра:
“Махсус иқтисодий зона иштирокчилари
...
махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан қонунчиликда белгиланган тартибда маҳрум қилингандан кейин махсус иқтисодий зона ҳудудидан ажратилган ҳар бир гектар ер майдонидан ва тортиб келинган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасидан фойдаланишни давом этганлиги боис қонунчилигига мувофиқ ҳар бир гектар ерга солинадиган солиқ миқдори 50 фоизи ҳисобида Дирекцияга ҳар йили тўловни амалга ошириб бориши шарт”.
Шуни эътиборга олиш лозимки, юқорида келтирилган бандда мазмунан ниқобланган солиқ характеридаги тўлов жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси биринчи қисми 9-бандига кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради, яъни бу Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари доирасида эмас.
Бундан ташқари, махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан қонунчиликда белгиланган тартибда маҳрум қилинган тадбиркор учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам бекор қилинади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорнинг молиявий аҳволига етарлича даражада салбий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли, лойиҳа 1-иловаси 13-банди тўртинчи хатбошисини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳа 1-иловаси 16-банди биринчи хатбошисига кўра:
“Ер майдонининг бир бирлик лотига нархи (100 м2) бошқарувчи компания томонидан мустақил тарзда белгиланади”.
Бунда, бошқарувчи компанияга махсус саноат зонасида ер майдонининг бир бирлик лотига нархларни мустақил белгилаш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Бироқ, бундай тартиб амалиётда махсус саноат зонасида ер майдонининг бир бирлик лотига нархларни асоссиз ошириш, суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига олиб келиши аниқ.
Шу боис, лойиҳада махсус саноат зонасида ер майдонининг бир бирлик лотига нархларни ҳисоблаш тартиби ва мезонларини аниқ белгилаб қўйиш лозим.
3. Лойиҳа 1-иловасининг 17-бандига кўра, “Махсус саноат зона ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун ер майдонларини ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши мумкин”.
Мазкур норма турлича талқин қилинишини олдини олиш мақсадида, ушбу бандда “ажратилиши мумкин” сўзларини “ажратилади” сўзи билан алмаштириш тавсия этилади.
4. Лойиҳа 1-иловасининг 19-бандига кўра, “Махсус саноат зона ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган ер майдонлари инвестиция битимида белгиланган давр мобайнида инвестор томонидан мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда бошқарувчи компания балансига қайтарилиши мумкин”.
Мазкур норма турлича талқин қилинишини олдини олиш мақсадида, ушбу бандда “қайтарилиши мумкин” сўзларини “қайтарилади” сўзи билан алмаштириш тавсия этилади.
5. Лойиҳа 1-иловасининг 22.2-бандига кўра, “Якуний истеъмолчи – махсус саноат зонаси иштирокчилари учун бошқарувчи компания томонидан белгиланадиган коммунал хизматлар бўйича тарифлар суммасига инфратузилма объектларини қуриш учун кетган ички ҳаражатлар, нимстанция, саноат тугуни, сув омбори ва насос станцияларини сақлаш, тармоқларни қуриш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, узатиш ва тақсимлаш, сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлар қўшимча қўшилиши мумкин”.
Бироқ, таклиф этилаётган тартиб амалда махсус саноат зонаси иштирокчилари учун асоссиз ва ортиқча тўловлар жорий этилиши ҳолатларига олиб келади.
Шунингдек, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг
25-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва ижтимоий инфратузилмани мустақил равишда шакллантириш махсус саноат зонасини бошқаришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Яъни, бунда махсус саноат зонасида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва ижтимоий инфратузилмалар бошқарувчи компания томонидан мустақил равишда шакллантирилади.
Шу билан бирга, лойиҳа 1-иловаси 16-бандига мувофиқ ер майдонининг муҳандислик-коммуникация ва бошқа ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланганлик даражаси, эксплуатация ўртача ҳаражатлари, ер майдонидан фойдаланувчининг солиқ ва бошқа тўлов ҳаражатлари инобатга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 1-иловаси 22.2-бандини чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа 1-иловасининг 22.3-бандига кўра, “Якуний истеъмолчи коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўланмаган тақдирда, бошқарувчи компания томонидан коммунал хизматларни етказиб бериш огоҳлантиришсиз ва суд қарорисиз ўчириб қўйилиши мумкин”.
Махсус саноат зонаси иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектлари қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, шунингдек турли ноаниқликлар вужудга келишини олдини олиш мақсадида, мазкур бандда якуний истеъмолчи – махсус саноат зонаси иштирокчиси коммунал хизматларни етказиб беришни тўхтатишдан олдин огоҳлантирилишини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
7. Лойиҳа 1-иловасининг 23-банди биринчи хатбошисига кўра, “Махсус иқтисодий зона иштирокчисига тақдим қилинган имтиёзлар муддати тугамасдан қайта имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қўшимча инвестициялар киритилганда, иштирокчининг имтиёзлардан фойдаланиш даври узоқроқ муддатга узайтирилади”.
Бироқ, лойиҳада имтиёзлардан фойдаланиш даврини узайтириш мезонлари келтирилмаган. Яъни қанча миқдордаги инвестиция эвазига қанча муддатга имтиёзлар узайтирилиши аниқлаштирилмаган.
Бу эса, ўз навбатида, ноаниқликларга, шунингдек коррупция ва суиистеъмолчилик ҳолатларига олиб келиши аниқ.
Шу боис, лойиҳада имтиёзлардан фойдаланиш даврини узайтириш мезонлари, яъни қанча миқдордаги инвестиция эвазига имтиёзлар қанча муддатга узайтирилишини аниқ кўрсатиб ўтиш лозим.
19.05.2020
15:57