Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 342 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-бандига кўра:
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3277-сон қарорига мувофиқ – “Ўзметкомбинат” АЖ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланиши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 18 октябрдаги 849-сон қарорига мувофиқ – рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлашни фақат “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин”.
“Ўзметкомбинат” АЖга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖга рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлашҳуқуқини бериш назарда тутилган қонун ҳужжатлари амалда ушбу ташкилотларнинг монопол ҳуқуқини назарда тутмоқда.
Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, хусусан “Ўзметкомбинат” АЖга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖга рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлашҳуқуқини бериш назарда тутилган қонун ҳужжатларини бекор қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар юборилганлиги маълум қилинган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек товар ва ҳизматлар бозорида барча субъектлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида лойиҳа 1-бандини чиқариб ташлаш ҳамда юқорида келтирилган ташкилотларнинг монопол ҳуқуқларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳа 7-банди “б” кичик бандига кўра:
“Давлат экология қўмитаси:
б) икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш;
ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш чорасини киритишни назарда тутиб, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш;
Бунда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш чорасини киритишни ҳамда иккиламчи хом ашёни тайёрлаш ва ташиш, шунингдек, қабул қилиш шохобчаларини ташкиллаштириш ва фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича топшириқ белгиланган.
Шуни эътиборга олиш лозимки, ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш шаклидаги санкция бундай ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий оқибатлари даражасига мувофиқ келмайди.
Шунингдек, хорижий давлатлар тажрибасида ҳам ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун мусодара қилиш шаклидаги санкциялар назарда тутилмаган.
Фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширишга мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдорини янада ошириш орқали эришиш мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 7-банди “б” кичик банди учинчи хатбошисини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
3. Лойиҳа 1-иловаси 2-банди учинчи хатбошисига кўра, “қабул қилиш шохобчаси – юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлардан иккиламчи хом ашёни қабул қилиш объекти (турғун ёки кўчма)”.
Якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахс эканлигини инобатга олиб, мазкур хатбошидан “шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
4. Лойиҳа 1-иловаси 2-банди тўртинчи хатбошисига кўра, “иккиламчи хом ашёни топширувчилар – қабул қилиш шохобчаларига иккиламчи хом ашёни топширадиган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар”.
Якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахс эканлигини инобатга олиб, мазкур хатбошидан “шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
5. Лойиҳа 1-иловаси 6-бандига кўра:
“Иккиламчи хом ашёни топширувчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар ҳақиқатда топширилган иккиламчи хом ашё миқдори учун:
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан – нақдсиз шаклда;
жисмоний шахслар билан – нақд шаклда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловнинг бошқа усулларида амалга оширилади”.
Бироқ, бундай чеклов лойиҳа муаллифи томонидан етарлича асослантирилмаган.
Бундай чеклов ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пул шаклида амалга оширилишини чекламасдан, аксинча, тўловларни яширин шаклда амалга оширилишига, уларнинг кирим қилинмаслигига олиб келиши мумкин.
Бу эса, ўз навбатида, амалда ушбу соҳада яширин иқтисодиётнинг кенгайишига олиб келади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 1-иловаси 6-бандини чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилиши назарда тутилмоқда.
Шуни эътиборга олиш лозимки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг (янги таҳрири) 181-моддасига кўра, “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради”.
7. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киришини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
10.06.2020
17:06