Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Беларусда ўтказилган “Made in Belarus #AgroFood" биринчи онлайн кўргазмаси расмий очилиш маросимида иштирок этди
2020 йилнинг 16 июн куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов Беларусь Савдо-саноат палатасининг таклифига биноан онлайн тарзда бўлиб ўтган “Made in Belarus” биринчи виртуал кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Кўргазмада Беларуснинг 30 дан ортиқ ташкилот ва корхоналари “Қишлоқ хўжалиги” ва “Озиқ-овқат” йўналишларида иштирок этдилар. Қишлоқ хўжалиги павильонида қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари ҳамда бу соҳадаги янги технологиялари жойлашган. Озиқ-овқат павильонида Беларусь озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчиларининг янги маҳсулотлари билан танишиш имконияти яратилди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов барчага табрик сўзи билан мурожаат этиб, Беларуслик ҳамкорларни “Made in Belarus” кўргазмасини муваффақиятли ташкил этилганлиги билан табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов кириш сўзи давомида бугунги кунда юзага келган пандемия шароитидан чиқиб кетиш йўлларини излаш, миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда хорижий давлатлар билан савдо алоқаларини кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
2018-2019 йилларида Ўзбекистон ва Беларусь давлат раҳбарларининг амалга оширган расмий ташрифлари давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожланишида туб ўзгаришлар, савдо-иқтисодий, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармон доира вакиллари ўртасида алоқаларни янада кенгайишига туртки бўлганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, икки давлат ишбилармон доира вакиллари ҳам ўзаро ҳамкорликда ишлашдан манфаатдор эканлиги ва мазкур тадбирда 200 дан ортиқ республикамизнинг маҳаллий тадбиркорлик субъектлари кўргазмада қатнашиш учун рўйхатдан ўтганлиги маълум қилинди.
Тадбирда, Беларусь ва Украина Савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳамда МДҲ, Европа ва Осиё давлатлари вакиллар ҳам иштирок этдилар.
Тадбир якунида Ўзбекистон, Беларусь ва Украина Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кўргазмани анъанавий тарзда расман очиб бердилар.
17.06.2020
14:41