Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги
Наманганда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни диверсификациялашда давлат ва хусусий секторнинг ижтимоий шериклиги ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда экспортчи корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
– Президентимиз томонидан 2016 йил ва яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг принципиал йўналишидан бири сифатида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор вазифа қилиб қўйилган, – дейди Наманган вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Жавлон Ҳакимов. – Бу борада бизнинг вилоятда ҳам кўп иш амалга оширилиши, жумладан, хизматлар соҳасининг ўзида 600 га яқин лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлими, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, адлия бошқармалари, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-педагогика институти, Наманган муҳандислик-технология институти ва бошқа ташкилотлар вакилларининг мавзуга доир маърузалари тингланди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт ва инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий ва минитехнологияларни жалб этиш йўналишлари, қишлоқ хўжалиги ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, маҳаллаларда ҳунармандлик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Манба: uza.uz
05.07.2016
16:39