Видеоконференцалоқа шаклидаги Ўзбек-Италия бизнес-форуми ташкил этилди
2020 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси ва Италия-Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан биргаликда ўзбек-италия (фарматцевтика соҳасида) видеоконференцалоқа шаклидаги бизнеси форум ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Италия-Ўзбекистон савдо палатаси президенти Луиджи Иперти, Ўзбекистоннинг Италия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Отабек Акбаров, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, шунингдек ССП минтақавий бошқармалари вакиллари ҳамда фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу видеоконференция жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтган видеомулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, унда Ўзбекистон ва Италия фармацевтика компаниялари иштирокида қўшма бизнес-форум ўтказишга келишиб олинган эди.Шунингдек, 2019 йил 21 ноябрда губернатор А.Фонтан бошчилигидаги Ломбардия вилояти делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, ушбу ташриф доирасида “B2B” кооперацион биржаси ва Ўзбекистон-Италия бизнес форуми ташкил этилган эди.
2019 йил якунларига кўра мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 402,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди (2018 йилга нисбатан (303,2 миллион), ўсиш 32 фоизга), бунда экспорт 26,6 миллион долларни импорт ҳажми эса 375,7 миллион доллар ташкил қилди.
Экспорт таркибига асосан хизмат кўрсатиш, матолар ва калава иплар, пахта ва қуритилган мевалар кириб, импорт номенклатурасига механик ва электр жиҳозлари, автомобил қисмлари, пластмасса буюмлар, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек қурилиш материаллари киради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Италия сармояси иштирокидаги 50 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 14 таси 100% Италия капитали асосида ишлайди. Алкоголсиз ичимликлар, вино, шиша идишлар, атирлар, музқаймоқ, трикотаж буюмлар, халқ истеъмоли моллари, пахта чиқиндиларини қайта ишлаш, савдо ва воситачилик хизматлари мазкур корҳоналарнинг асосий фаолият йўналишлари ҳисобланади.
Бугунги видеоконфереция давомида фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан тажриба алмашиш ва ўқитиш, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилиш мақсадида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда фармацевтика соҳаси билан шуғулланувчи Италиянинг етакчи компаниялари вакилларининг бир қатор тақдимотлари ўтказилди.
Икки мамлакат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган ушбу видеоконференция доирасида Ўзбекистон-Италия савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон ва Италия фармацевтика компаниялари ўртасидаги шериклик алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
25.06.2020
22:32