Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 563 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ҳамда иссиқхона қуриш учун оператор корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-20389) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
- Лойиҳага кўра, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошида давлат унитар корхонаси шаклида хўжалик юритиш ҳуқуқига эга бўлган интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ҳамда иссиқхона қуриш бўйича оператор корхоналар фаолиятини ташкил этиш белгиланган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сонли Фармонининг 2-банди “б” кичик бандига кўра, битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг таъсис этилишига (ташкил этишга ташаббус кўрсатишга) йўл қўйилмайди.
Шунингдек, бу каби оператор корхоналарни ташкил этиш рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиб, соҳадаги бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг чекланишига сабаб бўлиши мумкин.
Қолаверса, мазкур соҳада давлат корхонасини ташкил этишга эҳтиёж йўқ.
Бу ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга мазмунан тўғри келмайди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
29.08.2020
14:19