“Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони мазмун-моҳияти
I. Фармоннинг мақсади
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш.
II. Фармоннинг мазмун-моҳияти
2021 йил 1 январдан бошлаб:
37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
17 та лицензия ва 13 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;
115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.
Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади.
Қуйидагилар бекор қилинади:
кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.
Фармонга мувофиқ, ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқланади:
лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;
лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.
2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди.
2021 йил 1 январга қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:
лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади;
лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Фармонга кўра, ҳар бир лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилининг самарадорлиги камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади.
Мутасадди идоралар лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичида қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади:
“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш йўли билан яхлит қонун лойиҳаси;
2021 йил 1 февралгача лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларига оид қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида уларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва кодификациялаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси.
03.09.2020
17:26