“Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони мазмун-моҳияти
I. Фармоннинг мақсади
Экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”га киритилган тадбирларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, илм-фан ва инновация ютуқларни кенг жорий этган ҳолда ҳудудларда “саноат кластерлари”ни ташкил этиш.
II. Фармоннинг мазмун-моҳияти
Фармонга мувофиқ, экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси янгиланган таркибда тасдиқланди.
Экспорт прогноз параметрларининг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиш, шунингдек келгуси йиллар учун экспорт прогнозини шакллантириш ишларини ташкил этиш Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ҳукумат комиссияси Президентнинг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган баённома топшириқларининг экспорт, инвестициялар, ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги қисмининг ижросини таъминлайди.
Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари:
экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича – Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти;
ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича – Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда корпоратив алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти ҳисобланади.
Фармонга кўра, ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришда илм-фан, инновация, лойиҳалаштириш, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотларини ўз ичига олган “саноат кластерлари” ташкил этилади.
Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси (Инспекция) ташкил этилди.
Инспекция зиммасига Ҳисоб палатасининг қуйидаги:
- Президентнинг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатлари ижросини назорат қилиш;
- стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;
- маҳаллийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар ва мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан импорт қилинган маҳсулотларнинг асосланганлигини ўрганиш бўйича функциялари юкланди.
Инспекция фаолияти Ҳукумат комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.
03.09.2020
17:42