Савдо-саноат палатаси кўмагида тадбиркорнинг ҳуқуқий манфаатлари қайта тикланди
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Afalina Trade” хусусий корхонаси раҳбари А.Садиковнинг Савдо-саноат палатасига йўллаган мурожаатида Давлат санитария-эпидемиология назорати (СЭН) ҳодимлари томонидан ноқонуний тарзда баённома расмийлаштирилгани ва бунинг натижасида тадбиркорнинг фаолиятига жиддий зарар етказилгани баён қилинган.
Фаолият тури балиқчилик ва хўл меваларни етиштириш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи мазкур корхона, Тошкент шаҳри худудида ўз автоуловида харакатланиш вақтида, Яшнобод тумани СЭН ходимлари томонидан тўхтатилиб, тадбиркорнинг Оҳангарон туман ҳокимлиги томонидан берилган стикер ўрнини босувчи руҳсатномани тақдим этганига қарамасдан, баённома расмийлаштирилган ва тадбиркорга тегишли автоулов жарима майдончасига жойлаштирилган.
Тадбиркор, Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган балиқчилик корҳонасига ўз вақтида етиб бора олмаган ва натижада катта миқдордаги балиқ маҳсулотларига зарар етган.
Мазкур ҳолат юзасидан Савдо-саноат палатаси ўрганиш ишларини олиб бориб, “Afalina Trade” корхонаси манфаатида Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.
Тадбиркорга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилганда, Республика махсус комиссиясининг 08.04.2020 йилдаги 17-сонли баённомаси талаблари бузилганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасига маъмурий баённомани бекор қилиш тўғрисида протест келтирилган.
Ушбу протест қаноатлантирилиб, маъмурий баённома бекор қилинган ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланган.
Агарда, Сизнинг ҳам тадбиркорлик фаолиятингизда шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келса, Савдо-саноат палатасининг 78 150-60-06 телефон рақами ёки @SSP_press телеграмм аккаунтига мурожаат қилишингиз мумкин.
15.09.2020
10:53