Савдо-саноат палатаси қошида “Кўргазма саройи” янгидан ташкил этилди
Сўнги йилларда Республикамизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнес вакилларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ушбу вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг муносиб ўрни бор. Бизнинг мақсад эса тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркор ва ҳунармандларга хизмат кўрсатишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий қилиш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлашдек улкан вазифалар бажаришга қаратилган.
Мисол учун, Палата аъзолари манфаатида судларга жами 6 трлн. 930 млрд сўмлик 70 819 та аризалар киритилган (2018 йилга нисбатан 20 814 тага кўпдир). Шундан, кўрилган даъволарнинг қарийб 78 фоизи тўлиқ қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Хорижий мамлакатлар вазирлик ва идоралари, дипломатик корпуси, ҳамкор ташкилотлар ва корхоналар вакиллари билан 252 та учрашувлар, хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари ташрифларини ташкил этиш, қўшма бизнес-форум, семинар ва конференциялар ўтказиш бўйича ва ўзбек делегацияларининг хорижга сафарини ташкил этиш бўйича 75 та халқаро даражадаги тадбирлар ташкил этилганлиги таъкидлаб ўтишимиз мумкин.
Ушбу олиб борилаётган сайи ҳаракатларни янада ривожлантириш мақсадида, Қорақолпоғистон Республикасида жойлашган ҳудудий бошқарма қошида янгидан ташкил этилган “Кўргазма саройи” биноси очилиш арафасида.
Бинонинг 1-қаватида тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмаси учун экспозиция зали ташкил этилган, 2-қаватида эса Қорақалпоғистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ҳунармандлар уюшмаси жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Мазкур “Кўргазма саройи”да Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳар ва тумани учун алоҳида жой ажратилиб, мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб борилиши кутилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси шу меҳнаткаш, олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат эканлигини таъкидлаганлар. Бугун Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам қандай янги лойиҳалар амалга оширилмасин барчаси айнан шу яратувчан, изланувчан, янгиликка ўч, ташқи бозорларга чиқишга интилувчи қўли гул тадбиркор ва ҳунармандларимиз учундир.
19.09.2020
15:10