Туризм соҳасида тадбиркорлар харажатларининг бир қисми компенсация қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг 6.10.2020 йилдаги «Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»ги 602-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 28.05.2020 йилдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6002-сон Фармони ҳамда Президентнинг 19.06.2020 йилдаги «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4755-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ туризм соҳаси субъектларининг кредитлари бўйича Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган фоиз харажатларининг бир қисми қуйидаги шартларда компенсация қилинади:
- жойлаштириш воситаларини қуриш учун олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган давр учун;
- янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун бериладиган кредитлар бўйича;
- айланма маблағларни тўлдириш учун 1 млрд сўмгача миқдорда ажратилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабргача бўлган давр учун.
Бундан ташқари, жойлаштириш воситаларини қуриш учун олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда фоиз харажатлари тўлиқ ҳажмда қопланади. Мазкур субсидиялар туризм соҳаси субъектларининг кредитлари сони ва ҳажмидан, шунингдек олдин берилган ва (ёки) берилаётган компенсациялар сонидан қатъи назар ажратилади.
Ҳужжатлар билан Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ қуйидагиларга субсидиялар ажратилади:
- туроператорларга – авиа- ва темир йўл чипталари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун;
- туроператорлар ва турагентларга – Ўзбекистонга олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун;
- жойлаштириш воситаларига – жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) учун.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Туризм соҳасининг алоҳида субъектлари фаолияти билан боғлиқ харажатларни қисман компенсация қилиш ва хўжалик субъектларининг эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган харажатларини қоплашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом;
- Туризм ва ёндош инфратузилма объектлари ҳамда туристик хизматларни санитар-гигиеник жиҳатдан хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Ўзбекистон Республикасида туристик зоналарга автотранспорт воситалари билан кириш учун йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги низом.
Туристик зонада замонавий автотураргоҳ ташкил этиш учун дастурий таъминот, тўлов операцияларини амалга ошириш учун ускуналар ўрнатиш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Туристик зонага киришдан тушган даромадлар қуйидаги тартибда тақсимланади:
• 80%и – Туристик зона дирекцияси махсус ҳисобрақамига;
• 20%и – маҳаллий бюджетга.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бир ой муддатда ўзининг сайтида субсидия ва грант олганлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш топширилди.
Манбаа: norma.uz
10.10.2020
16:12