Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 691 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори (ID-22934) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-2-иловаларига кўра, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва Қишлоқ хўжалиги экинлари янги навларини синаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий Регламентини тасдиқлаш белгиланган.
Бироқ, мазкур Низом ва Регламентда аслида битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиниши лозим бўлган масалалар алоҳида-алоҳида келтирилган.
Шунингдек, Низом лойиҳасида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш тартиби тўлиқ назарда тутилмаган.
2. Лойиҳа 2-иловаси 2-банди 9-хатбошига кўра, “рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси – Реестрда рўйхатдан ўтказилган навларга талабнома берувчи хоҳишига кўра берилади, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи хужжат ҳисобланади”, - деб белгиланган.
Бундан кўринадики, лойиҳа 2-иловасига кўра, экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларини ҳам давлат реестрига киритиш ҳам реестрдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш назарда тутилган. Бундан ташқари, мазкур гувоҳнома қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи хужжат ҳисобланиши белгиланган.
Аммо, бу икки карра рухсат берувчи тартиб-таомилни назарда тутади. Шунингдек, мазкур соҳадаги ортиқча бюрократик тўсиқларни келтириб чиқаради.
Қолаверса, Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 13 майдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари турларининг Миллий генбанкини яратиш тўғрисида”ги 282-сонли Қарорида ушбу марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш белгиланган ҳамда унда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш назарда тутилмаган.
3. Лойиҳа 2-иловаси 2-банди 10-хатбошига кўра, “талабнома берувчи – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестридан (кейинги ўринларда – Реестр деб юритилади) рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олиш мақсадида ваколатли органга мурожаат этувчи субъект (юридик шахс ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркор) – Ўзбекистон Республикаси резиденти”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда жисмоний шахслар назарда тутилмаган.
Ваҳолангки, “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунга кўра, “патент эгаси (лицензиар) — селекция навига ва (ёки) дурагай уруғликларга бўлган мулк ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс”, бўлиб, улар ҳам ўз селекция ютуқларини экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилиши учун мурожаат қилишлари мумкин.
Аммо, лойиҳада бу инобатга олинмаган.
4. Лойиҳа 2-иловаси 2-банди 11-хатбошига кўра, “эксперт баҳолаш” тушунчасига таъриф бериш назарда тутилган. Бироқ, унда мазкур тушунчага таъриф бериш ўрнига, унинг усуллари белгиланган. Тушунчанинг ўзига эса, аниқ таъриф келтирилмаган.
5. Лойиҳа 2-иловаси 2-банди 11-хатбошига кўра, “эксперт комиссияси – ваколатли орган томонидан синов натижалари асосида, қишлоқ хўжалиги экинлари навлари ва дурагайларини Реестр рўйхатига киритиш, чиқариш ҳамда истиқболли навлар рўйхатига киритиш таклифларни кўриб чиқувчи соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи”, - деб белгиланган.
Умуман олганда, лойиҳада экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш тартиби ўта мураккаб, кўп босқичли, узоқ муддатли жараён сифатида белгиланган.
Аммо, Вазирлар Махкамасининг юқорида келтирилган 282-сонли Қарорига кўра,
маҳаллий ва хорижий мамлакатларда яратилган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари ва дурагайлари синовини амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари янги навлари бўйича селекция ютуқларининг патентга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритиш - Марказнинг вазифалари сифатида белгиланган, яъни соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат бошқа бир эксперт гуруҳининг эмас.
Қолаверса, Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар вакилларини жалб этган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинлари навлари ва дурагайлари синовини амалга ошириши мумкин.
Яъники, бунда Марказнинг синов натижалари олиниб, уни яна қўшимча тасдиқлатиш учун алоҳида эксперт комиссиясига юбориш, натижада ортиқча вақт ва ресурс йўқотиш шарт эмас.
6. Лойиҳа 2-иловаси 10-бандига кўра, “Реестрда рўйхатдан ўтказишда синовдаги янги навларнинг хўжаликда фойдалилик белгилари андоза (стандарт) навга таққослаб ўрганилади.
Агар андоза (стандарт) нав мавжуд бўлмаган тақдирда янги навлар ичидан энг яхшиси танлаб олинади, агар битта нав бўлса, нав тавсифида кўрсатилган кўрсаткичларидан юқори бўлса Эксперт комиссиясига таклиф киритилишига асос бўлади”, - деб белгиланган.
Бунда, иккинчи хатбоши аниқ ва равон ифодаланмаган. Маъно англашилмаганлиги сабабли, ундаги қоидани тушуниб бўлмайди ва шу билан амалиётда қийинчиликларни келтириб чиқаради.
7. Лойиҳа 2-иловаси 12-бандига кўра, “Реестрнинг ҳар йилги янги нашри ваколатли орган томонидан эълон қилинади”, - деб белгиланган.
Бироқ, Вазирлар Махкамасининг юқорида келтирилган 282-сонли Қарори 13-бандига кўра, Марказ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилган навлари тўғрисидаги маълумотларни 2021 йил 1 февралдан бошлаб ўз веб-сайтида эълон қилиб борилишини таъминласин, деб белгиланган.
Лойиҳада эса, мазкур масалалар умуман инобатга олинмаган ҳамда эскича тартиб белгиланиши назарда тутилган.
8. Лойиҳа 2-иловаси 14-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги экинлари янги навларини синаш фаолиятида Реестрда рўйхатдан ўтказиш босқичлари келтирилган.
Бироқ, унда ўта мураккаб ва ортиқча босқичлар назарда тутилган.
Хусусан, мазкур нормада навларни синаш ва эксперт баҳолаш, лаборатория-таҳлил қилиш, навларнинг синови ва эксперт баҳолаш натижалари ҳамда Эксперт комиссиялари хулосаларини тасдиқлаш босқичлари алоҳида-алоҳида келтирилиб, улар учун алоҳида муддатлар белгиланган.
Аммо, мазкур босқичларни бирлаштириш, уларнинг муддатларини қисқартириш ва умумлаштириш йўли билан битта босқич сифатида белгилаш лозим.
9. Лойиҳа 2-иловаси 16-бандига кўра, “Реестрда рўйхатдан ўтказилмаган ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасига эга бўлмаган ғўза, бошоқли дон экинлари ҳамда картошка навлари ва дурагайларининг уруғликларини реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқишга йўл қўйилмайди”, - деб белгиланган.
Лойиҳа 2-иловаси 2-банди 9-хатбошида эса, барча қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини Реестрга киритилмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш мумкин эмаслиги назарда тутилган.
Бундан кўринадики, лойиҳа 2-иловасида ўзаро номувофиқлик ва қарама-қаршиликларга йўл қўйилган.
10. Лойиҳа 2-иловаси 19-бандига кўра, “Талабнома берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун ваколатли органга ўзи келиб мурожаат этади”, - деб белгиланган.
Лойиҳа 2-иловасида келтирилган 1-иловада эса, талабнома берувчи “Ваколатли органга ҳужжатларни бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади”, - деб келтирилган.
Кўриниб турибдики, мазкур нормаларда ҳам қарама-қаршиликлар мавжуд Бу эса, амалиётда турли зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.
11. Лойиҳа 2-иловаси 39-бандига кўра, “Талабнома берувчининг аризасидан келиб чиқиб, (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари янги навларини синаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган тўловлар миқдоридан) йиғим суммасини белгилайди”, - деб белгиланган.
Бунда, Марказ ихтиёрига йиғим суммасини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган тўловлар миқдоридан келиб чиқиб белгилаш берилмоқда.
Бироқ, мазкур йиғим миқдорлари Марказ томонидан эмас, балки Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан, ўзаро келишилган ҳолда, қатъий суммаларда белгиланиши лозим.
12. Лойиҳа 2-иловаси 41-бандига кўра, Реестрда рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослардан бири сифатида талабнома берувчини рухсат этувчи талаблар ва шартларга мувофиқ бўлмаслиги келтирилган.
Бироқ, бу қандай рухсат этувчи талаблар ва шартлар эканлиги лойиҳада очиб берилмаган.
Бу эса, амалиётда турли тушунмовчилик ва ноаниқликларни келтириб чиқариб, ҳар хил талқин қилинишига ҳамда турли хил суиистемолчиликларга шароит яратади.
13. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, лойиҳада назарда тутилган Реестр қишлоқ хўжалиги экинларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинганлигини билдириб, Реестрга талабгор шахс учун рўйхатдан ўтиш, қайта рўйхатдан ўтиш таомилларини назарда тутувчи рухсат берувчи ҳужжат сифатида қаралмаслиги зарур.
Лойиҳа 2-иловасида эса, аксинча, шундай рухсат бериш тартиб-таомилларини белгиловчи нормалар келтирилган.
Хусусан, лойиҳа 2-иловаси 6-8-бобларида тўлиқ мазкур масалаларни тартибга солиш белгиланган.
Бунда, ортиқча ва бюрократик рухсат берувчи тартиб-таомилларни жорий этиш белгиланган.
14. Вазирлар Махкамасининг юқорида келтирилган 282-сонли Қарори 13-бандига кўра, Марказ “ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 2022 йил 1 мартдан бошлаб нав синаш станциялари ва участкаларида синалаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг навлари ва дурагайларини электрон кодлаштириш тизимини жорий этилишини таъминласин”, - деб белгиланган.
Аммо, бу билан боғлиқ масалалар лойиҳада назарда тутилмаган.
15. Юқоридагилардан кўринадики, лойиҳани ишлаб чиқишда Вазирлар Махкамасининг юқорида келтирилган Қарори талаблари инобатга олинмаган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритишнинг мураккаб тартиби ишлаб чиқилган, унинг босқичлари мантиқий кетма-кетликда келтирилмаган. Қолаверса, Реестрга киритишда муддатлар асоссиз равишда кўп қилиб белгиланган.
Шунингдек, лойиҳага кўра, Реестрга қўшимча равишда, яна бир ортиқча рухсат берувчи гувоҳномани жорий этиш белгиланган. Ваҳолангки, экинларнинг ёки навларнинг мазкур Реестрга киритилиши ва Реестрнинг расмий веб-сайтда эълон қилиб борилишнинг ўзи уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинганлигини билдириши лозим.
16. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қайта кўриб чиқиш, уни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек унда Реестр юритишнинг соддалаштирилган тартибни белгилаш лозим.
16.10.2020
18:46