31 ёшинг муборак, Она тилим
Тил миллатни миллат қилиб шакллантирувчи восита, кўзгудир. Зеро, тилимизда бизнинг аксимиз, маънавиятимиз гавдаланади. Тил халқнинг маънавий ривожланганини, юксалганини, обрў-эътиборини белгиловчи мезон вазифасини ўтайди.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири ҳисобланган ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Сўнгги йилларда ўзбек тилига эътибор тобора ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва нуфузини ошириш бўйича бир неча вазифалар санаб ўтилгани ҳам бунинг яққол исботидир. Айниқса, Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 75 сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши тарихий воқеага айланди десак муболаға бўлмайди.
Тилларнинг сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил сабабли инсоният ўз халқидан ғурур туяди.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунга қадар 9000 мингдан ортиқ тил йўқолиб кетиб, ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани келтирилган. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши ҳақида бонг урилмоқда.
Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни энг аввал ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, динимиздан воз кечишга қайта ва қайта уринди. Улар сабаб эл-юртимиз бошига турли кулфат ва мусибатлар келгани тарихдан яхши маълум.
Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун бирлашиб, кураша олди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берилди. Зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз тилини — миллий ғурурини асраб қолди. Нафақат асраб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, авлодларга безавол етказиб берди.
Туркий тилларнинг оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг интилишлари, дарду ҳасратлари, зафарлари ва ғалабалари билан бевосита боғлиқдир.
Давлат тилимиз орқали жаҳон минбарларида ўз сўзимизни айтиб келмоқдамиз. Шу тилда улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратилиб келинмоқда.
Тил – миллатнинг маънавий хазинасидир. Тил нафақат сўзлашув, муомала воситаси, балки халқнинг урф-одати, турмуши, кечаги куни ва эртанги келажаги ҳисобланади.
Шу ўринда, Савдо-саноат палатаси барча юртдошларимзни 21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги билан муборакбод этади!
21.10.2020
10:33