Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
Савдо-саноат палатаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 709 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ тўловчиларни ҳисобга (рўйхатга) олиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-22578) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-иловасининг 5-банди еттинчи хатбошига кўра, “акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ва (ёки) фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи шахслар” мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши белгиланган.
Бунда, фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи шахслар деганда, нафақат юридик шахслар, балки якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам назарда тутилган.
Бироқ, Солиқ кодекси 237-моддаси 3-қисми 2-бандига кўра, айланмадан олинадиган солиқни тўловчи шахслар ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.
Солиқ кодекси 461-моддаси 2-қисми 2-бандига кўра эса, акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқ татбиқ этилмайдиган субъектлар сифатида келтирилган.
Кўринадики, фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахсларгина ҚҚС тўловчиси бўлиб, улар мажбурий тарзда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олиниши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа 1-иловасининг 5-банди еттинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:
“акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахслар”.
2.Лойиҳа 1-иловаси 11-бандига кўра, “Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлашни танлаган янги ташкил этилаётган юридик шахслар, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан, тадбиркорлик субъектини — юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Регламентнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилган аризасига асосан рўйхатдан ўтказилади”, - деб белгиланган.
Аммо, бунда ортиқча ва кераксиз бўлган қўшимча талабларни белгилаш назарда тутилган. Яъни, ушбу талабга кўра, давлат рўйхатидан ўтказилган янги юридик шахс ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олиш учун солиқ органига яна давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиши лозим.
Ваҳолангки, ушбу масалани идоралараро электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали ҳал этиш мумкин. Яъни, юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда солиқ тури сифатида ҚҚСни танлаганда, бу ҳақда солиқ органига электрон маълумот юборилишининг ўзи уни рўйхатга олиш учун етарли асос бўла олади.
Шу боис, юқоридаги бандни қайта кўриб чиқиш зарур.
3. Лойиҳа 1-иловаси 19-банди 3-4-хатбошиларига кўра, солиқ тўловчи қуйидаги ҳолларда ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан чиқарилади:
“солиқ текширувлари ўтказиш жараёнида банк операцияларининг хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига мувофиқ эмаслиги ва солиқ тўловчи ўзи кўрсатган манзилда йўқлиги аниқланган тақдирда;
солиқ текшируви жараёнида, солиқ тўловчи томонидан битим тузишда кўзланган асосий мақсад қўшилган қиймат солиғини тўламаслик ёки уни ҳисобга олиш эканлиги ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилганлиги аниқланган тақдирда”.
Аммо, келтирилган асослар орқали ортиқча бўлган маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этиш назарда тутилган.
Қолаверса, лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4389-сонли Қарори 2-бандига кўра, “2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади”.
Яъни, бунда мазкур солиқни тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мажбурий ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.
Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъекттадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишлари билан шуғулланиши мумкин.
Шу боис, хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатурасига мувофиқ эмаслигини асос қилиб уни рўйхатдан чиқарилиши ҳуқуқий асосга эга эмас.
Ёки, солиқ тўловчи ўзи кўрсатган манзилда йўқлиги аниқланганлиги ҳам уни рўйхатдан чиқариш учун асос бўла олмайди.
Шу билан бирга, келтирилган иккинчи асосда, яъни битим тузишда кўзланган асосий мақсад қўшилган қиймат солиғини тўламаслик ёки уни ҳисобга олиш эканлиги ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартнома тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилганлиги ҳолатларини аниқлашда айнан қандай маълумот ва ҳолатлар далил сифатида фойдаланилиши мумкинлиги келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда мазкур нормани турлича ва ўзбошимчалик билан талқин қилинишига, шунингдек ушбу соҳада коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига шароит яратиб беради.
Шу боис, лойиҳа 1-иловасининг .
4.Лойиҳа 1-иловаси 19-банди 5-хатбошига кўра, “агар, сўнгги календарь йил давомида солиқ тўловчининг солиқ солинадиган айланмаси ҳажми 1 миллиард сўмдан ошмаган бўлса, ихтиёрий тартибда рўйхатдан чиқарилади, бунда солиқ тўловчининг солиқ солинадиган айланмаси ҳажми 1 миллиард сўмдан ошмаган тақдирда, йил тугаганидан кейин ўн кун ичида, солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий тартибда рўйхатдан чиқариш тўғрисида мазкур Регламентнинг 4-иловасига мувофиқ электрон шаклдаги ариза тақдим этади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда солиқ тўловчининг рўйхатдан ихтиёрий чиқиш имкониятларини чегаралаш, ихтиёрий чиқиш учун мурожаат қилишнинг маълум бир муддатини аниқ белгилаб бериш назарда тутилган.
Бу эса, уларнинг ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатга ихтиёрий кириши ва чиқишини амалда йўққа чиқариши мумкин.
Ваҳолангки, солиқ тўловчи мазкур рўйхатдан ихтиёрий чиқиш учун исталган вақтда мурожаат қилиши мумкин. Яъни, бу муддатни “йил тугаганидан кейин ўн кун ичида”, деб қатъий белгилаш мақсадга мувофиқ эмас.
Шу боис, мазкур нормадаги “йил тугаганидан кейин ўн кун ичида” сўзларини чиқариб ташлаш лозим.
5.Лойиҳа 1-иловаси 18- ва 23-бандларидаги нормалар такрорланганлиги сабабли, 23-бандни чиқариб ташлаш тавсия этилади.
6.Лойиҳа 1-иловасига кўра, солиқ тўловчиларни қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартибини Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқлаш назарда тутилган.
Бироқ, Солиқ кодекси 237-моддаси 4-қисмига кўра, “Солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда солиқ органларида қўшилган қиймат солиғини (бундан буён ушбу бўлимда солиқ деб юритилади) тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш ҳисобида туради”, - деб белгиланган.
Лойиҳа 1-иловасини амалдаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқиш мақсадида, уни Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи лойиҳа шаклида киритиш лозим.
7. Лойиҳа 2-иловаси билан Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламентини тасдиқлаш белгиланган.
Бунда, ижара шартномларини ҳисобга қўйишда ижарага берувчиларга нисбатан ортиқча мажбуриятларни юклаш назарда тутилган. Хусусан, унинг 7-бандига кўра, “Ижарага берувчи ёки унинг вакили кўчмас мулк ижара шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйиши шарт”, - деб белгиланган.
Ваҳолангки, Солиқ кодекси 133-моддаси 10-қисмига кўра, нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар (муассасалар) кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори ҳақидаги маълумотларни тегишли тарзда нотариал тасдиқланган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига маълум қилиши шарт.
Бундан кўринадики, ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотлар солиқ хизмати органларида мавжуд бўлиб, уни яна ижарага берувчилардан мажбурий тартибда олишга, улар томонидан ижара шартномалари ҳисобга қўйилмаганда жавобгарлик чораларини қўллашга зарурат йўқ.
Бу каби ортиқча маъмурий бюрократик тартиб жорий этилишига йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳа 2-иловасида "Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйишда керакли маълумотларни ижарага берувчи томонидан тақдим этилишини эмас, балки нотариал идоралар тақдим этган маълумотларнинг ўзи шартномаларни ҳисобга қўйиш учун етарли асос бўлишини белгилаш мақсадга мувофиқ.
8. Лойиҳа 3-иловаси билан Чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳамда алоҳида бўлинмаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламентини тасдиқлаш белгиланган.
Унинг 15-16-бандларида мазкур доимий муассасалар ва алоҳида бўлинмаларни ҳисобдан чиқаришда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш белгиланган:
доимий муассаса ташкил этишга олиб келадиган шартнома бўйича ишлар бажарилганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхаси;
фаолияти тугаган санада тузилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари.
Бироқ, ушбу ҳужжатлар нима мақсадда талаб этилиши асослантирилмаган. Шунингдек, бу ҳужжатларнинг талаб қилиниши ортиқча бўлиб, бунга зарурат йўқ.
Ваҳолангки, солиқ тўловчилар томонидан молиявий ва солиқ ҳисоботлари юқоридаги талабсиз ҳам солиқ органларига белгиланган муддатларда тақдим этиб келинади.
Шартнома бўйича ишлар бажарилганлиги эса, доимий муассасалар ва алоҳида бўлинмаларни ҳисобдан чиқаришда ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Шу боис, лойиҳа 3-иловаси 15-16-бандларидан юқорида келтирилган ҳужжатларни чиқариб ташлаш лозим.
9.Лойиҳа 4-иловасига кўра, Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) чет эл юридик шахсларни ҳамда жисмоний шахсларга электрон шаклдаги хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, Солиқ кодекси 129-моддаси 9-қисмига кўра, “Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиб оладиган норезидент бўлган юридик шахсларни ҳисобга қўйиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилайди”.
Солиқ кодекси 279-моддаси 1-қисмига кўра эса, электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахсларини ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан рўйхати тасдиқланадиган бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Солиқ кодекси нормаларини амалиётда аниқ ва тўғри тадбиқ этилишини таъминлаш мақсадида, лойиҳа 4-иловаси Давлат солиқ қўмитаси қарори билан тасдиқланиши мақсадга мувофиқдир.
10. Лойиҳа 5-иловаси 9-бандига кўра, “Солиқ органлари солиқ тўловчиларни мазкур Регламентнинг 7-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар асосида мурожаат қилинган кундан эътиборан уч иш 7-кунидан кечиктирмай, уларга илгари берилган СТИРга мувофиқ объектнинг жойлашган ери бўйича ҳисобга олади”, - деб белгиланган.
Мазкур нормадаги “уч иш 7-кунидан” сўзлари аниқ ифодаланмаганлиги сабабли, амалиётда тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, ушбу жумлани “уч иш кунидан” таҳририда баён этиш таклиф этилади.
11.Лойиҳа 5-иловаси 15-бандига кўра, “Ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва (ёки) норуда қазилма бойликлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғини тўлаш мажбурияти тугаган, шунингдек ҳудудий алоҳида бўлинма жойлашган ери бўйича доимий яратилган иш жойидаги ходимлар сони йигирма беш кишидан камайган ёки алоҳида бўлинма фаолияти тўхтатилган тақдирда, солиқ тўловчи томонидан ўн календарь кундан кечиктирмай мазкур Регламентнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда солиқ органига хабарнома юборилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, ушбу иловада юқорида келтирилган хабарнома юборилишининг ҳуқуқий оқибатлари келтирилмаган. Яъни, мазкур хабарнома юборилгандан кейинги амалга ошириладиган ҳаракатлар назарда тутилмаган.
Бу эса, амалиётда мазкур нормани турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа 5-иловасида хабарнома юборилгандан кейин солиқ органи томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларни келтириб ўтиш тавсия этилади.
12. Лойиҳа 7-иловаси 2-банди 2-хатбошига кўра, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:
“Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслардир”.
Бироқ, бунда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлган юридик шахслар келтирилмаган.
Ваҳолангки, унинг 1-бандига кўра, мазкур регламент Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – юридик ва жисмоний шахсларнинг жойлашган жойи (резидентлик) фактини тасдиқлаш тартибини белгилайди.
Бундан ташқари, юқоридаги тушунча “Ўзбекистон Республикасининг резидентлари”, - деб берилган. Солиқ кодекси 30-моддасида эса, “Тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилади”, - деб белгиланган.
Яъни, бунда солиқ резиденти тушунчаси қўлланилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, мазкур регламент юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари мақомини тасдиқлаш тартибини белгилашини инобатга олиб, лойиҳа 7-иловасида “Ўзбекистон Республикасининг резидентлари” тушунчаси ўрнида “Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари” тушунчасини қўллаш ҳамда унда юридик шахсларни ҳам назарда тутиш тавсия этилади.
22.10.2020
15:50