Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ-547-сон “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунни мазмун-моҳияти
Қонуннинг мақсади - шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун 7-боб ва 36-моддадан иборат.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, яъни, инсоннинг шахсий ҳаётига ҳар қандай аралашув ва тажовуздан ҳимоя қилиниши шахснинг фундаментал ҳуқуқидир. Ҳуқуқий жамиятда шахсий ҳаёт дахлсизлиги олий қадрият ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳам ушбу қадриятни тан олиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқини кафолатлаган (Ўзбекистон Конституцияси
25 ва 27-моддалари).
Қонуннинг амал қилиши - шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган ишлов бериш воситалардан, шу жумладан, ахборот технологияларидан қатьи назар юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Мазкур Қонун қуйидаги муносабатларга татбиқ этилмайди:
-жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;
- миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;
- давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;
- тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши куришиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш.
Шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади. Масалан, жисмоний шахснинг
исми, фамилияси, отасининг исми;
туғилган санаси, туғилган жойи;
вақтинча ёки доимий яшаш жойи;
оилавий аҳволи;
маълумоти, касби, иш жойи ва лавозими;
телефон рақами;
шахсий сурати (фото ва ҳк.);
биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар.
Ушбу қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилган.
Субъект - шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс бўлиб ҳисобланади.
Ишлов бериш - шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир харакатни ёки харакатлар мажмуини амалга ошириш ҳисобланади.
шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
учинчи шахс — субъект, мулкдор ва (ёки) оператор бўлмаган, аммо шахсга доир маълумотларга ишлов бериш бўйича ҳолатлар ёки муносабатлар орқали улар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс.
Мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт.
Давлат персонлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи бўлиб ҳисобланади.
Давлат томонидан шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
- субъектнинг шахсий ҳаётига аралашувидан ҳимоя қилиш;
- маълумотларнинг яхлитлиги ва бут сақланиши;
- қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олиниши.
Шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи масъул ходимларнинг вазифалари:
- шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга беришда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабларига қатъиян риоя этган ҳолда, фақатгина шахснинг розилиги ёҳуд меросхўрларнинг розилиги (ёзма ёки электрон ҳужжат тўғрисидаги розилик) билан берилишини таъминлаш;
- шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга, шу жумладан, мулкдор ва оператор ёки шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш юзасидан келиб тушган сўровномалар асосида фақатгина мулкдорнинг рухсати (сўровнома ёки билдирги асосида рухсат берилади) билан бериш;
- шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ходимнинг шахсий ҳаётига аралашувига ҳамда қонунга хилоф равишда ишлов беришга йўл қўймаслик;
Мулкдор ва операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари ўзларига ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ёхуд меҳнат мажбуриятларини бажариши жараёнида маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги шарт.
Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар ходимнинг розилигисиз (ёзма ёки электрон ҳужжат тўғрисидаги розилик) шу маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этилиши ва тарқатилишига йўл қўймаслик шарт.
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор деб топилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддаси ва Жиноят кодексининг 1412-моддаси жавобгар бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ушбу қилмишлар фақат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш билан чекланмайди. Жабрланувчи ўз шахсий ҳаёти дахлсизлиги ёки шахсига доир маълумотлар дахслсизлиги бузилгани учун моддий-маънавий зарарни фуқаролик суди орқали ундириши мумкин.
30.10.2020
15:02