Медиация институтининг афзалликлари тўғрисида ССП бош юрисконсульти – профессионал медиатор Гульрух Сайдаламова билан суҳбат
1.Медиация нима ва унинг қандай афзалликлари бор?
Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.
Медиция 3 та тоифадаги низолар бўйича амалга оширилиши мумкин:
- фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар;
- якка меҳнат низолари;
- оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.
Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.
Судда кўриб чиқилаётган низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.
Бундан ташқари, медиация қуйидаги афзалликларга эга:
- медиаторни эркин танлаш;
- қарор ишлаб чиқиш ва қабул қилишда тарафларнинг ўзлари иштирок этиши;
- вақт ва харажатларнинг тежалиши;
- жараён, вақт ва музокаралар шаклининг мослашувчанлиги;
- медиаторнинг бетарафлиги ва коррупция омиллари таъсир йўқлиги.
2.Профессионал ва нопрофессионал медиаторнинг фарқи нимада? Профессионал медиатор мақомини қандай олиш мумкин?
Профессионал асосдаги медиатор сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган “Медиаторларни тайёрлаш” дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек “Профессионал медиаторлар реестри”га киритилган шахс амалга ошириши мумкин.
Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига, нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти эса текинга амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, медиация суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилган тақдирда албатта фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи медиаторнинг иштирок этиши талаб этилади.
3.Медиация институтининг ролини оширишда ССП томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, Палатага тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
Бундан ташқари, Палата Раисининг буйруғи билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида”ги Йўриқномага кўра, Палата аъзоларидан судга даъво аризаси киритиш тўғрисида ариза келиб тушган тақдирда, барча бирламчи ҳужжатларни ўрганишдан сўнг ижрочи, яъни Палата масъул ходими низони судгача ҳал этиш тартиб-таомилини (медиация) ўтказиш орқали низони ҳал қилиш бўйича тарафалар ўртасида учрашув ўтказади.
Бунинг натижасида, ўтган 9 ой давомида ССП масъул ходимлари иштирокида 1 300 тадан ортиқ ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш жараёнида ҳал этилган.
Медиация институтинининг мазмун ва моҳиятини тадбиркорлар ўртасидан кенг тарғиб қилиш ва шу тариқа, медиациянинг ролини ошириш бўйича ССП томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда.
31.10.2020
08:39