Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди
2020 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлақонли ва сифатли амалга ошириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳудудий ташкилотлар билан видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Ф.Омонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Холмуҳамедов ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси раиси У.Абдуллаев, шунингдек ҳамкор ташкилотларнинг ҳудудий раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, уларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка фаол жалб қилиш, муносиб иш топишига кўмаклашиш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2 тадан туман (шаҳар)лар белгилаб олиниб, уларда намунавий тарзда ёшлар билан ишлаш, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш мақсадида ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар билан учрашувлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, 28 та туман (шаҳар)ларда юқори натижаларга эришган тадбиркорлик субъектларининг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг “Муваффақиятга эришиш сирлари” лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашувлари графиги тасдиқланди. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация бериш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатадиган аудио ва видео материаллар тайёрлаб тарқатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Дастлабки учрашув, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида жорий йилнинг 5 ноябридан бошланиб, учрашувлар йил якунига қадар барча ҳудудларда ўтказиб боришга келишиб олинди.
Тадбир якунида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажариш борасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма чора-тадбирлар имзоланди.
31.10.2020
12:29