Кичик бизнеснинг рақобатдош маҳсулотлари
Пойтахтимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёрланаётган янги маҳсулотларнинг “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб номланган тақдимоти бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлиги таъминланишида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг роли тобора ортмоқда. Зеро, истиқлол йилларида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишбилармонлар фаолияти қўллаб-қувватланаётгани, уларга қўшимча имтиёзлар берилаётгани муваффақиятларнинг бош омили бўлаётир. Натижада соҳа вакиллари ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, экспорт ҳажмининг ўсишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тақдимотга ташриф буюрганлар бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар.
Гап шундаки, унда пойтахтимизда фаолият юритаётган 40 га яқин тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар ўзларининг сара маҳсулотларини намойиш этдилар. Улар сифат кўрсаткичлари, бежирим дизайни билан хорижникидан асло қолишмайди. Шу боис ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бораётир.
— Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад пойтахтимизда фаолиятини йўлга қўйган ишбилармонлар маҳсулотларини кенг оммага таништириш, улар ўртасидаги кооперация алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат, — дейди Савдо-саноат палатасининг -Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлими бошлиғи ўринбосари Рустамбек Баратов. — Тақдим қилинган маҳсулотларнинг асосий қисми “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида экспорт қилинаётгани, албатта, ҳаммамизга юксак ғурур бағишлайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган кичик бизнес субъектларининг сони йилдан-йилга ортиб бораётир. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар эса сифатли ҳамда харидоргир.
— Буюртмачиларга “Ўзимизники” бренди остида икки йилдан бери трикотаж маҳсулотлари етказиб бераяпмиз, — дейди “Saipov Group” оилавий корхонаси маслаҳатчи-технологи Лемара Меджитова. — Дастлаб момиқ сочиқлар ишлаб чиқарган бўлсак, бугунги кунда унинг қаторига яна тўқсондан ортиқ трикотаж буюмлар ҳам қўшилди. Маҳсулотларимизга нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар ҳам қизиқиш билдиришаяпти ва айни пайтда экспорт бўйича келишув жараёнлари олиб борилаётир.
Тақдимотда тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот беришди.
Манба: xs.uz
04.08.2016
10:36