“Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти.
I. Фармоннинг мақсади
Давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш.
II. Фармоннинг моҳияти
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;
Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;
Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;
Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати.
Молия вазирлиги марказий аппаратида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилди.
Фармонга кўра, 32 та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15 та давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади.
Шунингдек, Фармон билан:
274 та давлат улушлари бор корхона;
109 та газета, нашриёт ва журналлар;
26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари;
27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари;
12 та ёғ-мой саноати корхоналари;
31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланди.
Давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин.
2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференциялар хатловдан ўтказилиб, уларни бекор қилишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Фармонга асосан давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилади.
"Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармонини тақдимот шаклида бу ерда ўқишингиз мумкин
04.11.2020
11:00