Навоий вилоятида "Муваффакиятга эришган тадбиркорлар ва ёшлар учрашуви" ташкил этилди
Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари Агентлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида ҳамкорлик бўйича қўшма чора-тадбирлар дастури имзоланган бўлиб, унга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Навоий вилоятида 2 тадан туман (шаҳар)лар белгилаб олинган эди. Танлаб олинган туманларда наъмунавий тарзда ёшлар билан ишлаш, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш мақсадида ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар билан учрашувлар ташкил этиш белгиланган эди.
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Навоий шаҳридаги юридик техникуми биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлақонли ва сифатли амалга ошириш мақсадида муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар ўртасида учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти худудий бошқармаси бошлиғи Р.Иброҳимов, шунингдек Навоий вилоятида муваффақиятга эришган тадбиркор-“Eksport plast produkt” МЧЖ директори Саидов Обид Одил ўғли ҳамда ҳунарманчилик йўналиши бўйича кўплаб кўрик танловлар ғолибаси моҳир каштачи Кулматова Феруза Зокировна ҳамда тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш билдирган 92 нафар ёшлар иштирок этишди.
Учрашувда ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, уларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка фаол жалб қилиш, муносиб иш топишига кўмаклашиш борасида иштирокчи ёшларга кучли мотивация бериш бўйича тажрибали тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ёшларга ўз тажрибалари бўйича мастер класслар ўтаб беришди.
Юқори натижаларга эришган тадбиркорлик субъектларининг ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг “Муваффақиятга эришиш сирлари” лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашувлари графигига асосан ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация бериш тизими йўлга қўйилди.
Навоий шаҳрида учрашув ўрнатилган тартибда режа график асосида амалга оширилди ва режалаштирилган кейинги тадбир вилоятнинг Хатирчи туманида ўтказилиши белгиланган.
Ушбу ўтказилган тадбир Республика ва маҳаллий ОАВларда кенг тарқатилиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилди.
12.11.2020
14:42