Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 774 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-23111) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 196-сонли қарори 3-иловаси билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқлансин”, - деб белгиланган.
Бунда, ўз кучини йўқотмаган амалдаги ҳужжатни мазкур лойиҳа билан қайта тасдиқлаш назарда тутилган.
Бироқ, бу юридик нуқтаи назардан нотўғри ҳисобланади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига кўра, “Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ва илгари қабул қилинган барча ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз аҳамиятини йўқотган, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши керак”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, лойиҳа билан янги таҳрирдаги Низом қабул қилинаётганлиги сабабли, эски таҳрирдаги Низомни ўз кучини йўқотган деб топиш ва буни лойиҳада назарда тутиш лозим.
2.Лойиҳа иловаси 1-бандига кўра, “Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Солиқ ва Божхона кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Махсус иқтисодий зоналарида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартибини белгилайди”.
Аммо, лойиҳада Солиқ кодексида келтирилган солиқ имтиёзлари турлари ва уларни қўлланилиши билан боғлиқ нормалар келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, мазкур масалаларни ҳам лойиҳа иловасида белгилаш зарур.
3.Лойиҳа иловаси 13-бандига кўра, “Эркин божхона зонаси” божхона режимига жойлаштирилган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлардан ишлаб чиқарилган (олинган) товарларни (тайёр маҳсулотлар) декларация қабул қилинган кундан эътиборан бир йил давомида экспортга реализация қилиниши лозим”.
Бунда, юқоридаги товарларни “Эркин божхона зонаси” божхона режимида бир йил давомида сақлаш мумкинлиги назарда тутилган.
Божхона кодекси 110-моддасига кўра эса, “Товар эркин божхона зонаси божхона режимида чекланмаган муддатда туриши мумкин”.
Шу боис, лойиҳа иловасида мазкур номувофиқликни бартараф этиш тавсия этилади.
4.“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига кўра, Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари “тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно)” тўлашдан озод этилади.
Аммо, лойиҳада бундай товарларни олиб киришда божхона имтиёзларини қўллаш тартиби келтирилмаган. Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа иловасида ушбу тартибни ҳам келтириб ўтиш зарур.
18.11.2020
16:46