Фарғона водийсида бизнесни қўллаб-қувватлашга замонавий ёндашувлар
Тараққиётнинг ҳозирги босқичида шиддат билан ривожланаётган иқтисодий жараёнлар бизнесни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизимини яратишни тақозо этмоқда.
Айниқса, тадбиркорлик тузилмалари учун энг муҳим масалалардан бири ҳисобланган кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини тубдан ошириш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Мазкур жараёнлар ҳар бир туман ва шаҳарларда тадбиркорлик кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг узлуксиз тизимини йўлга қўйишни талаб этмоқда.
Бу борада, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Лойиҳа, юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида, водий вилоятларининг туман ва шаҳарларида бизнес-инкубаторлик ва мураббийлик тизимини шакллантиришга қаратилган.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида, Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган маблағлар ҳисобига, Фарғона водийсининг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида жами 9 та, яъни ҳар бир вилоятда 3 тадан бизнес-инкубатор ишга туширилади.
Мазкур марказлар янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга ғояларни шакллантириш, бизнес-режаларни тайёрлаш ва уларни тижоратлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга беминнат хизмат кўрсатади.
Марказлар томонидан беш йил давомида жами 5 000 нафар тадбиркорларни ўз хизматлари билан қамраб олиниши кўзда тутилган. Бунда, тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиб борилади. Хусусан, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва шароитларини яратиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминоти кўрсатилади.
Шунингдек, тадбиркорлик билан боғлиқ онлайн маърузалар, тренингларни ташкил этилади, зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилиб борилади.
Лойиҳа Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ Бизнес-инкубация дастури олтита босқичда амалга оширилади, бунда:
Биринчи босқичда, танловдан ўтган иштирокчилар резидент сифатида бизнес-инкубатор томонидан рўйхатга олинади;
Иккинчи босқичда, марказлар резидентлари тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун маркетинг тадқиқотларини ўтказиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўладилар;
Учинчи босқичда, тадбиркорлик фаолиятини ривожланиш стратегиясини белгилаш ва ишлаб чиқиш бўйича махсус билим ва тажрибаларга эга бўладилар;
Тўртинчи босқичда, тадбиркорлик фаолиятига оид лойиҳани молиялаштириш манбасини излаш бўйича амалий билим ва тажрибаларга эга бўладилар;
Бешинчи босқичда, машғулотлар давомида эгалланган билим ва кўникмаларга асосланган ҳолда лойиҳани синовдан ўтказишни амалга оширадилар;
Олтинчи босқичда, бизнес лойиҳасини ишга туширадилар.
Таъкидлаш жоизки, марказлар резидентлари босқичма-босқич танлаб олинади. Дастлабки босқичда тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинади ва улар томонидан тақдим этиладиган бизнес режалари кўриб чиқилади. Сўнгра, кўриб чиқилган бизнес режалари орасидан истиқболли лойиҳалар танлаб олинади ва бизнес режаларнинг муаллифлари билан интервью ўтказилади. Шунингдек, ўтказилган интервью натижаларига кўра ғолиблар аниқланади ва уларга Марказ резиденти мақоми берилади.
Лойиҳа режасига кўра, бизнес-инкубация жараёнида жами 4 мингта истиқболли бизнес лойиҳалар ишга туширилади. Онлайн Бизнес Академияси ташкил қилинади ҳамда 22 минг нафар тадбиркор ва стартаперларга бизнес тренинг дастурлари доирасида онлайн таълим берилади. Натижада тадбиркорлик соҳаси учун жами беш минг нақар сертификатли тингловчилар тайёрланади, шунингдек тадбиркорларга 150 мингдан зиёд бизнес-маслаҳат хизматлари кўрсатилади.
Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармони ва 2019 йил 19 июлдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4399 сон қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
24.11.2020
10:22