Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 798 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрирда) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳанинг 3-моддаси учинчи хатбошисига кўра, “давлат назорати” тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:
“давлат назорати —умумий талабларга ва профессионал хулосаларга асосланган маҳсулотлар, хизматлар ва жараёнларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мослигини текшириш”.
Мазкур таърифда давлат назоратини ким томонидан амалга оширилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилмай қолинган.
Шу сабабли ушбу моддани қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“давлат назорати — ваколатли давлат органи томонидан умумий талабларга ва профессионал хулосаларга асосланган маҳсулотлар, хизматлар ва жараёнларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мослигини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш”.
2. Лойиҳанинг 3-моддаси 5-хатбошисига кўра, “импорт қилувчилар” тушунчаси киритилган.
Бироқ, лойиҳанинг ушбу моддасида ишлаб чиқарувчилар, истъемолчилар тушунчаларига таъриф берилмаган.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, “импорт қилувчилар” тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятга оид бошқа қонун ҳужжатларида берилган.
Шу муносабат билан лойиҳанинг 3-моддасидан “импорт қилувчилар” тушунчасини чиқариб ташлаш ёки мазкур моддада қўшимча равишда “ишлаб чиқарувчилар”, “истъемолчилар” тушунчаларига ҳам таъриф бериш таклиф этилади.
3. Лойиҳанинг 3-моддаси 11-хатбошисига кўра. “мувофиқлик сертификати” тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:
“мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат”.
Бироқ, мазкур тушунчада маҳсулот қандай талабларга жавоб бериши аниқ кўрсатиб ўтилмаган.
Шунингдек, “мувофиқлик сертификати” тушунчасида фақат маҳсулотлар учун сертификатлаш назарда тутилиб, хизматларга бўлган талаблар, ишлаб чиқариш жараёнлари, менежмент тизимлари ва ходимлар бўйича белгиланган талаблар инобатга олинмай қолинган.
Шу муносабат билан ҳамда лойиҳадаги ноаниқликларни бартараф этиш мақсадида уни қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг товар, хизматларга бўлган талаблар, ишлаб чиқариш жараёнлари, менежмент тизимлари ва ходимларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат”.
4. Лойиҳанинг 3-моддаси 13-хатбошисига кўра, “мувофиқлик декларацияси” тушунчаси қуйидаги таҳрирда баён қилинган:
“мувофиқлик декларацияси — ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи маҳсулотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат”.
Бироқ, мазкур тушунчада мувофиқлик декларацияси фақат маҳсулотлар учун расмийлаштирилиши назарда тутилмоқда ва бунда хизматлар бўйича мувофиқликни тасдиқлаш четда қолмоқда.
Шу муносабат билан ушбу моддани қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“мувофиқлик декларацияси — ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи маҳсулот ёки хизматларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат”.
5. Лойиҳанинг 4-моддаси 6-хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинган:
“манфаатдор томонларнинг аккредитация қилинган субъектлар фаолиятига бўлган ишончини таъминлаш”.
Бироқ мазкур хатбошидаги “манфаатдор томонлар” тушунчасида кимлар назарда тутилиши лойиҳанинг 3-моддаси “Асосий тушунчалар”да белгилаб берилмаган.
Шу муносабат билан мазкур бандда “манфаатдор томонлар” тушунчасини назарда тутувчи субъектларни аниқ кўрсатиб ўтиш ёки лойиҳанинг 3-моддасида “манфаатдор томонлар” тушунчасига алоҳида таъриф бериш мақсадга мувофиқ саналади.
6. Лойиҳанинг 11-моддасида “мувофиқликни баҳолаш провайдерлари” тушунчаси киритилган бўлиб, бироқ мазкур тушунчага таъриф берилмасдан қолинган.
Шу муносабат билан лойиҳанинг мазкур моддасида назарда тутилган “мувофиқликни баҳолаш провайдерлари” тушунчасига лойиҳанинг 3-моддасида алоҳида таъриф берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
7. Лойиҳанинг 25-моддаси 4-қисми қуйидагича таҳрирда берилган:
“Аккредитация органи аккредитация қоидаларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаса, аккредитация тўғрисида ариза қабул қилмайди”.
Мазкур бандда ваколатли давлат органи томонидан мурожаатчидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилиши учун аризани қабул қилмаслик ҳуқуқи берилмоқда. Ваҳоланки, мурожаатчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда уни аккредитациядан ўтказишга рад этилиши лозим ва бу ҳақида мурожаатчига тегишли хабрнома юборилиши кўзда тутилиши мақсадга мувофиқ саналади.
Шу муносабат билан лойиҳанинг мазкур моддасини қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“Мурожаатчи томонидан аккредитация органига аккредитация қоидаларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаса, аккредитациядан ўтказишга рад этилади.
Бунда аккредитация органи томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома мурожаатчига рад этиш сабабларини аниқ кўрсатган ҳолда ёзма шаклда юборилади”.
8. Лойиҳанинг 25-моддаси 5-қисми қуйидагича таҳрирда берилган:
“Аккредитация талаб қилинган соҳада мувофиқликни баҳолаш ишларини бажариш учун мурожаатчининг ваколати тасдиқланмаса, аккредитация бериш рад этилади”.
Аккредитация талаб қилинган соҳа бўйича мурожаатчининг ваколатини тасдиқланмаслиги алоҳида соҳа йўналишлари бўйича аккредитациядан ўтиш талабларидан бирига риоя этилмаслигини назарда тутади ва бу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш қонуности норматив ҳужжатларда кўзда тутилиши мақсадга мувофиқ саналади.
Шу муносабат билан мазкур бандни лойиҳадан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ саналади.
9. Лойиҳанинг 36 ва 37-моддаларида аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва аккредитация тўғрисидаги гувоҳонмани бекор қилиш шартлари кўрсатиб ўтилган.
Бироқ лойиҳанинг 36-моддасида аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор тўғрисида тадбиркорлик субъектини хабардор қилишнинг муддатлари кўрсатиб ўтилмаган. Бу эса ваколатли давлат органи томонидан тадбиркорлик субъектининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини маълум маънода чекланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан аккредитация соҳасида турли коррупцияген ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳанинг 36-моддасига аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор билан тадбиркорлик субъектини хабардор қилишнинг муддатларини қаътий белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ саналади.
10. Лойиҳанинг 27-моддасига кўра, “агар аккредитация гувоҳномаси бекор қилинса, унинг амал қилиши қайта тикланмайди. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин аккредитация учун такрорий ариза камида олти ойдан кейин берилиши мумкин”.
Лойиҳанинг 27-моддасида мурожаатчи томонидан такрорий ариза камида 6 ойдан кейин берилиши тўғрисида талаб киритилмоқда.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, агар аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома аризачининг ташаббуси билан бекор қилинган тақирда уни қайта аккредитациядан ўтиши учун ҳам 6 ой муддат талаб этилмоқда. Бу эса айнан тадбиркорнинг ташаббуси билан аккредитация гувоҳномаси бекор қилинганда ва уни тиклаш учун мурожаат қилинганда тадбиркорлик субъектининг қонуний ҳуқуқларини чеклашга олиб келади.
Шу муносабат билан лойиҳанинг 27-моддаси 3 ва 4-қисмларига кўра, аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайта тиклаш муддати бўйича такрорий ариза бериш ҳуқуқини 6 ойлик чекловни гувоҳнома мурожаатчининг ташаббуси билан бекор қилинган ҳолатларни истисно этган ҳолда қўллаш бўйича Қонун лойиҳасининг 27-моддасини қайта таҳрир қилиш мақсадга мувофиқ саналади ҳамда мазкур бандни қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“Гувоҳнома мурожаатчининг ташаббуси билан бекор қилинган ҳолатлардан ташқари аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин аккредитация учун такрорий ариза камида олти ойдан кейин берилиши мумкин”.
11. Лойиҳанинг 38-моддаси 2-қисмида аккредитация органи аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тиклаш бўйича мувофиқликни баҳолаш органи томонидан тузатиш ишлари режасини амалга ошириш натижаларини таҳлил қилиб, қоидабузарликлар ёки ҳолатларни бартараф этилганлиги тасдиқлангач, гувоҳномани тиклаш бўйича қарор қабул қилиши белгиланган.
Бироқ мазкур моддада қарор қабул қилишнинг аниқ муддатлари кўрсатиб ўтилмаган. Бу ҳолат эса тадбиркорлик субъектининг ўз фаолиятини қайта бошлашда қийинчиликлар ва ортиқча тўсиқларни юзага келитириши мумкин. Шу муносабат билан Лойиҳанинг ушбу моддасини қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“38-модда. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тиклаш.
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тиклаш мақсадида мувофиқликни баҳолаш органи:
аниқланган қоидабузарликлар ёки ҳолатларни бартараф этиш бўйича тузатиш ишлари режасини ишлаб чиқади ва уни аккредитация органи билан келишиб олади;
тузатиш ишлари режасининг белгиланган муддатда бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда аккредитация органига маълум қилади.
Аккредитация органи тузатиш ишлари режасини амалга ошириш натижаларини таҳлил қилиб, қоидабузарликлар ёки ҳолатларни бартараф этилганлиги тасдиқлангач, аккредитация гувоҳномасини тиклаш бўйича уч кун муддатда қарор қабул қилади”.
12. Лойиҳанинг 44-моддаси “Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) маҳсулотларни мажбурий мувофиқлигини тасдиқлаш вақтидаги мажбуриятлари” деб номланади ва “тайёрловчилар” деб тадбиркорлар назарда тутилган.
Бироқ, ушбу модда баён этилган бандда “реализация қилувчи тайёрловчилар” деб тадбиркорлар назарда тутилмоқда.
Ваҳоланки, 44-модда номланишидаги тайёрловчилар ва реализация қилувчи тайёрловчилар ўртасида тавофут юзага келмоқда.
Шу муносабат билан “тайёрловчилар” ва “реализация қилувчи тайёрловчилар” тушунчаларини “ишлаб чиқарувчилар” тушунчасига ўзгартириш таклиф этилади ва мазкур модда ҳамда уни 1-хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш таклиф этилади:
“44-модда. Ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларни мажбурий мувофиқлигини тасдиқлаш вақтидаги мажбуриятлари.
Мажбурий мувофиқлигини тасдиқлаш лозим бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар”.
13. Қонун лойиҳасининг 44-моддаси 7-хатбошиси қуйидаги таҳрирда берилган:
“илова қилинган техник ҳужжатда маҳсулот мувофиқ келиши лозим бўлган сертификатлаштириш ёки декларациялаш тўғрисидаги маълумотларни ҳамда норматив ҳужжатларни кўрсатишлари ва бу маълумотлар истеъмолчи (харидор, буюртмачи) эътиборига етказилишини таъминлашлари шарт”.
Мазкур бандда тадбиркорлик субъекти томонидан маҳсулотни сертифкатлаштириш ёки декларациялашга бўлган талаблар ҳамда бу бўйича маълумотларни истеъмолчилар эътиборига қай тартибда етказиб бериш лозимлиги белгилаб берилмоқда.
Бироқ, ушбу бандда тадбиркор томонидан истеъмолчиларга маҳсулотларни сертифкатлаштириш ёки декларациялаш бўйича маълумотларни етказиш талаби ноаниқ баён қилинган.
Бу эса, ушбу бандни ваколатли орган, сертификатлаштириш органи ва тадбиркорлар томонидан турлича талқин қилишга олиб келади.
Шу муносабат билан мазкур хатбошини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ саналади:
“сертификатлаштириш органига тақдим этиладиган техник ҳужжатда маҳсулот мувофиқ келиши лозим бўлган сертификатлаштириш ёки декларациялаш тўғрисидаги маълумотларни ҳамда норматив ҳужжатларни кўрсатишлари ҳамда маҳсулотга сертифкатлаштириш ёки декларациялашдан ўтганлигини тасдиқловчи махсус белгини қўйиш ва унга тъааллуқли норматив ҳужжатни маҳсулот этикеткасида қайд этиш орқали истеъмолчи (харидор, буюртмачи) эътиборига етказилишини таъминлашлари шарт”.
14. Лойиҳанинг 48-моддаси 2-қисми қуйидагича таҳрирда берилган:
“48-модда. Мувофиқлик декларациясининг мазмуни.
Декларация объектининг техник кўрсаткичлари, норматив ҳужжатлардаги талаблар ўзгарганда, белгиланган талабларга жавоб бермаслик ҳолати вужудга келганда мувофиқлик декларацияси эгаси декларациянинг амал қилиш муддатида декларация объектининг мувофиқлигини таъминлаши, шунингдек унинг амал қилиш муддатини қайта кўриб чиқиши керак”.
Мазкур бандда декларация объектининг техник кўрсаткичлари, норматив ҳужжатлардаги талаблар ўзгарганда тадбиркорлик субъекти томонидан декларация расмийлатирилган маҳсулотга ўзгартириш киритилган янги техник кўрсаткичлар ва янги норматив ҳужжатлардаги янги талабларга мувофиқлигини таъминлаши лозимлиги назарда тутилмоқда.
Бироқ мазкур бандни таклиф этилган таҳрирда баён қилиниши тадбиркорлик субъектлари учун аниқ нимани амалга ошириш лозимлигини кўрсатиб бермаган.
Шу муносабат билан ушбу қисмни қуйидаги таҳрирда ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ саналади:
“Декларация объектининг техник кўрсаткичлари, норматив ҳужжатлардаги талаблар ўзгарганда, белгиланган талабларга жавоб бермаслик ҳолати вужудга келганда мувофиқлик декларацияси эгаси декларациянинг амал қилиш муддатида ўзгартириш киритилган техник кўрсаткичлар ва норматив ҳужжатлардаги ўзгартирилган талабларга декларация объектининг мувофиқлигини таъминлаши, шунингдек унинг амал қилиш муддатини қайта кўриб чиқиши керак”.
15. Лойиҳасининг 53-моддаси 1-хатбошисида “тайёрловчиларни (ижрочиларни)” жумласи киритилган бўлиб, мазкур бандда бу ишлаб чиқарувчиларни назарда тутмоқда.
Худди шунингдек, лойиҳанинг 63-моддасида ҳам “тайёрловчилар” (тадбиркорлар) жумлаларидан айнан маҳсулот ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари назарда тутилган.
Бироқ мазкур тушунча лойиҳанинг айрим моддаларида “тайёрловчи” (ижрочи) ва бошқа моддаларида “тайёрловчи” (тадбиркор) тушунчалари аралаш фойдаланилганлиги сабабли мазкур тушунчани “ишлаб чиқарувчилар” тушунчасига алмаштириш таклиф этилади.
Шу муносабат билан, лойиҳанинг 53-моддаси 1-қисмида ҳамда
63-моддасида “тайёрловчилар (ижрочилар)” ва “тайёрловчилар (тадбиркорлар)” тушунчаларини “ишлаб чиқарувчи” тушунчаси билан ўзгартириш мақсадга мувофиқ саналади.
16. Лойиҳанинг 55-моддасида мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш ўз ичига оладиган шартлар белгилаб берилган бўлиб, унга кўра ушбу модданинг
1-хатбошисида “ишлаб чиқаришни текшириш” ҳам назарда тутилмоқда.
Бироқ маҳсулотни сертификациядан ўтказишда айнан маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёни ўрганиб чиқилади ва маҳсулотни сертификациядан ўтказиш учун ишлаб чиқаришни текшириш эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш талаб этилади.
Шу муносабат билан лойиҳанинг 55-моддаси 1-қисмидаги “ишлаб чиқаришни текширишни” сўзларини “маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш” сўзлари билан алмаштириш мақсадга мувофиқ саналади.
17. Лойиҳа 56-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Даврий баҳолаш мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органи томонидан тасдиқланадиган режа-жадвалга мувофиқ ўтказилади”.
Юқоридагилар билан мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органига даврий баҳолашни ўтказиш муддатларини белгилаш ҳуқуқи берилмоқда. Яъни, лойиҳада ҳаволаки норма белгиланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида “Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш” белгиланган.
Мазкур қонун лойиҳасининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш ҳамда улар фаолиятига ортиқча маъмурий аралашувларни олдини олиш мақсадида, даврий баҳолашни ўтказиш муддатларини лойиҳада назарда тутиш лозим.
Бунда, мувофиқлик сертификати 5 йилга берилишини инобатга олиб, даврий баҳолаш 2,5 йилда бир марта ўтказилишини назарда тутиш тўғри бўлар эди.
Шунингдек, таъкидлаш лозимки, даврий баҳолаш тадбиркорлик субъекти фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнини жойга чиққан ҳолда ўрганиш орқали амалга оширилади. Бу эса, мазмунан текширишни назарда тутади.
Амалдаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони талабларини инобатга олган ҳолда, лойиҳада даврий баҳолаш Бизнес омбудсман билан келишилган ҳолда амалга оширилишини белгилаб қўйиш лозим.
18. Лойиҳанинг 58-моддасида мувофиқлик сертификатини тугатиш ҳоллари баён қилинган, бўлиб бироқ бу моддада мувофиқлик сертификати уни амал қилиш муддати тугагандан кейин қайта узайтирилмаса, мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугаланиши назарда тутилмаган.
Шу муносабат билан 58-моддага қуйидаги таҳрирдаги 5-қисмини қўшимча равишда киритиш мақсадга мувофиқ саналади ва мазкур моддани қуйидагича таҳрирда баён этиш таклиф қилинади:
“Мувофиқлик сертификати қуйидаги ҳолларда тугатилади:
мувофиқлик сертификати эгаси сертификатни амал қилишини тугатиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилганда;
даврий баҳолашда аниқланган камчиликлар бартараф этилмаганда.
Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши сертификатлаштириш органи томонидан, тегишли сертификатлаштириш органи мавжуд бўлмаган тақдирда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тугатилади.
Мувофиқлик сертификати уни амал қилиш муддати тугагандан кейин қайта узайтирилмаса, мувофиқлик сертификати тугатилган саналади.
Мувофиқлик сертификати тугатилганлиги ҳақидаги маълумотлар сертификатланган маҳсулотлар давлат реестрида қайд этилиши лозим”.
25.11.2020
16:15