Ўзбекистон ва Афғонистон вазирлик ва идоралари ўртасиди онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
2020 йил 1 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида видеоконферентсалоқа форматида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу видеоконференциядан кўзланган мақсад, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Ўзбекистон томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Анвар Асамов, шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди.
Афғонистон томонидан эса, Савдо-саноат палаталари федерациясининг раиси Муҳаммад Исмоил Газанфар, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Элеми, Саноат ва савдо вазирининг маслаҳатчиси Муҳаммад Наби Хакимий, шунингдек, бизнес вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ўз нутқи давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, икки мамлакат савдо-саноат палаталари ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда.
Онлайн тарзда ўтказилган анжуманда савдо ва инвестициялар, банк, божхона ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат вакиллари ўртасидаги ушбу видеоконференция доирасида Ўзбекистон-Афғонистон савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари ва ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатларда фаолият юритаётган Ўзбекистон ва Афғонистон компаниялари ўртасида шериклик муносабатларини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Ташкил этилган очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган янада чуқур ҳамкорлик учун ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилашга ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини белгилашга имкон берди.
Маълумот учун: Мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2020 йил 1 октябр ҳолатига 611 миллион долларни ташкил этиб, Шундан Ўзбекистондан экспорт ҳажми 609,5 миллион долларни, Афғонистондан импорт 1,9 миллион долларни ташкил этди.
01.12.2020
14:18