Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақасининг 38- Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.
2020 йил 4-декабр куни Савдо-саноат палатасида Бутунжаҳон ҳунармандлари Кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-АПР) 38-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.
Тадбирда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Рози Гринлис, Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президенти Гада Каддуми, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва 30 дан ортиқ давлатлардан WCC-АPR (ОТОМ БХК) нинг бошқа аъзолари иштирок этишди.
Бош ассамблеядаги кўриб чиқилган асосий масалалар, Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси Президентлигини 2021-2024 йиллар даври мобайнида Ўзбекистонга ўтказилишини тасдиқлаш, ҳайъат мажлисларини ўтказиш ҳамда халқаро симпозиумлар ва кўргазмалар ташкил этишдан иборат бўлди.
Ушбу тадбир учун Савдо-саноат палатаси Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси 38-Бош ассамблеясини жонли эфирда тақдим этиш бўйича улкан техник ишларни амалга оширди.
Тарихан олиб қаралганда, Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши Айлин О. Уебб хоним, Маргарет М. Патч хоним ва Камаладеви Чаттопадҳяй хонимлар томонидан 1964 йил 12 июнь санасида Америка Қўшма Штатлари, Ню-Ёрк, Колумбия Университетида бўлиб ўтган халқаро йиғилишда маданий ҳаётнинг муҳим қисми сифатида ҳунармандчилик мақомини сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш ва таъминлаш ҳамда бутун дунё ҳунармандлари орасида ҳунармандчиликнинг умуминсоний қадриятлари ва йўлдошлик туйғусини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган эди.
Жаҳон ҳунармандлари кенгаши бутун дунёдаги ҳунармандларнинг интилишларини қўллаб-қувватлайдиган ягона ташкилот бўлиб, у мерос қилиб олинган анъаналарни сақлаб қолиш ёки тажриба ва инновациялар орқали чегараларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгашининг асосий мақсади маданий ва иқтисодий ҳаётда ҳунармандчиликнинг мавқеини мустаҳкамлашдир. Мазкур Кенгаш ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш орқали ҳамкорликни рағбатлантиришга йўналтирилган.
Учрашув бошида Гада Хижави Каддуми хоним, Кувайт Миллий ассамблеяси президенти Марзук Ал Ғани ва Роза Гринлиц табрик сўзлари билан иштирок этишиб, ҳунармандчилик Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари маданияти ва саноатида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Маърузачилар Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга, ҳусусан, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, унинг жамиятдаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига тўхталиб ўтишди.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда ЮНЕСКО ҳомийлигида Халқаро ҳунармандлар фестивалининг Қўқон шаҳрида ўтказилиши энг муҳим тадбирлардан бири бўлди. Ушбу фестивалда дунёнинг 78 дан ортиқ мамлакатларидан 570 нафар халқаро ҳунармандлар, шу жумладан ўзларининг илмий ишлари ва ҳунармандчилик соҳасидаги амалий фаолияти билан танилган хорижлик олимлар ва мутахассислар, шунингдек 2200 дан ортиқ маҳаллий халқ амалий санъати усталари иштирок этишди.
Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги соҳаси фаолияти доирасида "Жаҳон ҳунармандлари шаҳри" мақомининг берилиши ўзбек халқ ижодига халқаро миқёсда катта ғурур ва юксак эътирофни келтириб чиқарди.
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев кўмаги билан амалга оширилмоқда. Айнан Шавкат Миромоновичнинг ташаббуси билан қадимий ва бой тарихни, ноёб қадрият ва урф-одатларни, анъаналарни ўзида мужассам этган ҳолда халқ ижодиётини ривожлантириш бўйича аниқ ва тизимли ишлар олиб борилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда Ҳунарманд уюшмаси аъзолари сони 36 440 кишини ташкил қилмоқда, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 6440 (+ 14%) кишига кўпдир. Бу янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги Фармонига мувофиқ ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига 50 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, 2020 йил апрел ойига келиб қўшимча яна 50 миллион доллар ажратилди. Яна бир мисол сифатида, усталар (ҳунармандлар) томонидан яратилган янги иш ўринлари ўтган йилга нисбатан 125 мингдан ошган.
Конференцияда ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек ташкилотнинг 2019-2020 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.
Тошкентда онлайн форматда ўтказилган ушбу тадбирда доктор Гад Ҳижави каддуми номзоди 2021-2024 йиллар давомида “WCC-International” Президенти лавозимига, шунингдек, Профессор Адҳам Икрамовнинг WCC-APR Президенти лавозимига тасдиқлангани эътирофга сазовор бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов сўзга чиқиб, унда 2021-2024-йиллар муддатида Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси Президенти лавозимига номзодини тасдиқлашгани учун Кенгашнинг барча аъзоларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президентлиги лавозимига киришиш маросими 2021 йил сентябр ойида Қўқонда бўлиб ўтадиган II Халқаро ҳунармандлар фестивали доирасида ўтказилиши режалаштирилган.
04.12.2020
18:32