Россия Федерациясига помидор ва қалампир маҳсулотини экспорт қилиш бўйича киритилган тақиқига оид маълумот
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан олинган маълумотга кўра Россия Федерацияси ветеринария ва фитосанитария назорати Федерал хизмати (Россельхознадзор) томонидан Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир импортига 2020 йил 26 ноябрдан эътиборан тақиқ жорий этилган.
Россия томонининг маълумотига кўра, Фарғона вилоятидан помидорнинг алоҳида партиясида томат мевасининг жигарранг бужмайиш вируси (Tomato brown rugose fruit virus) аниқланганлиги сабабли чекловлар жорий этилган. Мазкур вируснинг зарари, аломатлари (симптоматикаси), белгилари ва бошқа маълумотлар ҳақидаги тақдимот иловада келтирилган.
Ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Россельхознадзор билан мазкур масала ва тақиқни бекор этилиши бўйича музокаралар ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Россияга помидор ва қалампир маҳсулотини экспорт қилувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ушбу вирусни пайдо бўлиши, тарқалиши ва экспорт жараёнида чет давлатларга чиқишини олдини олиш мақсадида, мазкур зарарли организмга алоҳида эътибор қаратишлари, маҳсулотда аломатлари аниқланганда, зудлик билан ҳудудлардаги ўсимликлар карантини давлат инспекциясига тегишли чораларни кўриш бўйича мурожаат қилишларини сўраймиз.
Мазкур масалада қўшимча маълумот олиш учун маҳаллий тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг +99871 202-10-00 рақамли “Ишонч телефон”ига қўнғироқ қилишлари мумкин.
14.12.2020
18:08