Давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси бошлиғи Д.Хамраев билан сухбат
1. Пандемия шароитида тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган қарор ва фармонлар тадбиркорларга қандай имкониятлар тақдим этди?
Бугунги кунда пандемия шароитида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қатор фармон ва қарорлар имзоланиб, тадбиркорлар учун имкониятлар яратилиб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармон қабул қилинди. Фармонига мувофиқ:
- 2020 йил 1 октябрь санасигача ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди;
- Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва сотиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга кафиллик ҳамда компенсация тақдим этиш кенгайтирилди;
- 2020 йил 1 октябрь санасигача ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилинди;
- 2020 йил давомида инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этиш ҳамда тадбиркорликни ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаражатлар оширилди;
- 2020 йил 1 октябрь санасигача алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди;
- Туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтирилди;
- 2020 йил 1 октябрь санасигача хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилди;
- 2020 йил 1 октябрь санасигача ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди ва х.к.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сон Фармон қабул қилинди. Фармонига мувофиқ:
- Туризм соҳаси билан шуғулланувчи корхоналар 2020 йил
1 апрелдан 31 декабрга қадар Ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди;
- 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга;
- 2020 йил 1 октябрь санасигача битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинади;
- Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловлар кечиктирилади;
- Барча тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 октябрга қадар - битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинди ва х.к.
2 Хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар моҳияти тўғрисида фикрингиз?
Юқорида айтиб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларидан ҳамда Республика маҳсус комиссияси томонидан чиқарилган қарорлардан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, пандемия шароитида хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорларга Палата томонидан хусусан бошқармамиз томонидан автомобилларда эркин ҳаракатланиш учун махсус стикерлар олишда кўмаклашилди, медицина, туризм, меҳмонхона, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига Президент фармонларидан келиб чиқиб, махсус имтиёзлардан фойдаланишда кўмаклашган ҳолда тадбиркорларга хизмат кўрсатилди .
3.2020 йил давомида тадбиркорларга “Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари” томонидан қандай хизматлар кўрсатилди ва уларнинг салмоғи қанча?
Жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ва уларнинг бўлинмалари томонидан жами 174 051 та, шундан, 168 750 та (96,9%) бепул асосдаги, 5 301 та (3,1%) пуллик асосдаги хизматлар кўрсатилган.
Пуллик асосида эса Бизнес-режалар лойиҳаларини таёрлаш 1 046 та (19,7%), Таъсис ҳужжатлари, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳа ҳужжатлар тайёрлаб бериш 703 та (13,2%), Бизнес юритишда (бухгалтерия, банк хизматларидан фойдаланишда кўмаклашиш) 424 та (7,9%) ташкил этди.
Бепул асосида энг кўп кўрсатилган хизматларга: Бизнес юритиш ҳисоботлари бўйича маслаҳат ва маълумот бериш 26 585 та (15,8%), Таъсис ҳужжатлари тайёрлаш бўйича маслаҳат ва маълумот бериш 15 318 та (9,0%), Ер майдонлари ва бино-иншоотлар, жумладан бўш турган объектлардан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва маълумот бериш 14 358 та (8,5%), Ишлаб чиқариш объектлари, жумладан, саноат зоналаридан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва маълумот бериш 13 215 та (7,8%) тўғри келади.
4. Маълумки, 2020 йил 24-январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида “Лицензия ва рухсатнома бериш асосларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг сонини камида 2 баробар қисқартириш” бўйича Савдо-саноат палатасига топшириқ берилганди, бу борада бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида қисқача изоҳ берсангиз?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномалари ҳамда 2020 йил 24 августда ПФ-6044-сонли Фармонлари ҳам эълон қилинди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан “Қурилишга рухсат беришни соддалаштириш ҳамда соҳага доир юзага келаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш” бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кесимида жами 300 та аноним сўровномалар ўтказилди.
Қурилиш соҳасида 5 та лицензия мавжуд. Мазкур лицензиялар мавжуд йўналишга қараб 37 та фаолият турини қамраб олади.
Лицензияланадиган фаолият турлари: “Баландликларда саноат альпинизми усулларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолияти” (2 та), “Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш” (4 та), “Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш” (4 та), “Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш” (3 та) ҳамда “Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолияти” (24 та).
(Изоҳ: қора рангда белгиланган лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044 Фармонига асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади).
Шу билан биргаликда, қурилиш соҳасида 7 та рухсатнома олиниши талаб этилиб, мазкур йўналиш ҳам 7 та фаолият турини қамраб олади.
Рухсатнома талаб этиладиган фаолият турлари: “Архитектура-режалаштириш топшириғи” (1 та), “Лойиҳа-смета ҳужжатларини Қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги Архитектура-қурилиш кенгаш билан АРТга мувофиқлиги юзасидан келишиш” (1та), “Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш” (1та), “Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома” (1та), “Қурилиш-монтаж ишларини олиб боришга рухсатнома” (1та) ва Ёнғин хавфсизлиги ва зилзилабардошлилиги бўйича давлат экспертиза хулосаси” (1 та), “Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтгазишга рухсатнома” (1та).
(Изоҳ:қора рангда белгиланган лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044 Фармонига асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади).
2021 йил 1 январдан бошлаб:
- 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
- 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
- 17 та лицензия ва 13 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;
- 14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;
- 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.
Хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.
Янги йил тилакланингиз?
Келаётган янги 2021 йилда барча тадбиркорларимизга саломатлик, шарафли меҳнатларига улкан зафарлар ва мамлакатимиз тараққиёти ҳамда иқтисодиёт ривожи учун қўшаётган хиссаларга куч-қувватлар тилайман!
29.12.2020
11:55