“IBS” лойиҳаси доирасида ўқитилган тадбиркорларга сертификатлар топширилди.
Ҳабарингиз бор, бизнесни интеграциялашган ҳолда қўллаб-қувватлаш дастури Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги ҳисобидан амалга оширилаётган бўлиб, дастур кичик корхоналарнинг рақобатдошлигини ошириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ўсишига кўмаклашиш мақсадида уларни консультатив ва молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа якунлари бўйича танлаб олинган тадбиркорлик субъектларига 10,000 АҚШ долларигача грант маблағлари ажратиш мақсад қилиб олинган. Дастурнинг мақсади – пандемия туфайли инқирозларга тушган кичик корхоналарга техникавий кўмаклашиш (консультациялар ва грантлар орқали).
Мазкур лойиҳанинг навбатдаги босқичи ўз ниҳоясига етган бўлиб, Савдо-саноат палатаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) доирасида “Бизнесни интеграциялашган ҳолда қўллаб-қувватлаш дастури” бўйича Фарғона вилоятидан танлаб олинган ҳамда 07.12.2020 йилдан 08.01.2021 йилга қадар Ўзбекистоннинг тажрибали мутахассислари томонидан “Maркетинг стратегияси ва савдони бошқариш”, “Операцион менежмент ва жараённи оптималлаштириш”, “Молия асослари”, “Юмшоқ кўникмалар ва жамоани шакллантириш” мавзуларида ўтказилган тренинглар якуни бўйича фаол иштирок этган тадбиркорларга сертификатлар тақдим этилди.
Шунингдек Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд вилоятларида ҳам “IBS” лойиҳаси доирасида ўқитилган ва якуний тест синовларида юқори натижага эришган тадбиркорлар махсус сертификатлар ва лойиҳанинг навбатдаги босқичида иштирок этиш учун йўлланма билан тақдирланишди.
Айни вақтларда лойиҳа спикерлари томонидан навбатдаги босқични бошлаш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
12.01.2021
12:11